Кўчмас мулк | 10:34 / 06.09.2025
13615
4 дақиқада ўқилади

Уй олиш учун қайси вилоятда неча йил ишлаш керак?

Ўзбекистонда уй нархлари ва ўртача ойликлар ҳудудлар кесимида анча фарқ қилади. Масалан, 60 квадрат метрлик янги хонадон нархи Навоий вилоятида 58 ойлик ўртача маошга тенг. Самарқанд вилоятида эса худди шундай 2 хонали уй оламан деган одам, агар ўртамиёна ойликка ишласа, емай-ичмай 151 ой (12,5 йил) ишлаши керак.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги маошлар сезиларли даражада ошди. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида республикадаги ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн 982 минг сўмни ташкил этган. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга юқори кўрсаткич. Ўз навбатида, ойликлар билан бир қаторда бошқа маҳсулотларнинг баҳоси ҳам йилдан йилга қимматлашиб боряпти. Масалан, квартира нархлари. Қуйида ўзбекистонликларнинг уй-жой сотиб олиш қобилияти ҳудудлар кесимида таҳлил қилинади.

Ҳудудлардаги ойликлар

1 июл ҳолатига кўра, ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори Тошкент шаҳри (10 млн 138 минг), Навоий (7 млн 486 минг) ва Тошкент вилоятида (5 млн 674 минг), энг кам миқдори эса Қашқадарё (4 млн 148 минг), Сурхондарё (4 млн 256 минг) ва Наманган (4 млн 350 минг) вилоятларида қайд этилган.

Фақатгина иккита маъмурий ҳудудда (Тошкент шаҳри ва Навоий вилояти) номинал иш ҳақи республикадаги ўртача даражадан юқори бўлиб, қолган барча ҳудудларда бу кўрсаткич республика даражасидан турли миқдорда паст. Энг кўп ва энг кам ўртача ойлик тўланувчи ҳудудлар (Тошкент/Қашқадарё) ўртасидаги тафовут ҳам 2,4 баробардан ошган.

Ҳудудлардаги уй-жой нархлари

2025 йил II чорак якунларига кўра, ҳудудлар кесимида бирламчи бозордаги уй-жой нархларининг энг баланд қиймати Тошкент шаҳри (1 кв метр учун 14 млн 540 минг сўм), Самарқанд (11 млн 170 минг сўм) ва Тошкент (8 млн 950 минг сўм) вилоятларида, энг паст нархлар эса Қорақалпоғистон Республикаси (5 млн 80 минг сўм), Сирдарё (5 млн 130 минг сўм) ва Наманган (5 млн 460 минг сўм) вилоятларида қайд этилган.

Агар 2022 йилнинг I чораги билан таққослайдиган бўлсак, ҳудудлар кесимида нархлар қуйидагича тахминан қимматлашган:

  • Хоразм вилоятида – 94 фоиз;
  • Бухоро вилоятида – 85 фоиз;
  • Сирдарё вилоятида – 78 фоиз;
  • Навоий вилоятида – 73 фоиз;
  • Андижон вилоятида 70 фоиз;
  • Жиззах вилоятида – 63 фоиз;
  • Тошкент шаҳрида – 62 фоиз;
  • Тошкент вилоятида – 59 фоиз;
  • Қорақалпоғистонда – 55 фоиз;
  • Фарғона вилоятида – 55 фоиз;
  • Сурхондарё вилоятида – 41 фоиз;
  • Қашқадарё вилоятида – 40 фоиз;
  • Наманган вилоятида – 36 фоиз;
  • Самарқанд вилоятида – 35 фоиз.

Таққослаш учун, ушбу даврда Хоразм вилоятида ўртача ойликлар 66 фоизга, Бухоро вилоятида 62 фоизга, Сирдарё вилоятида 68 фоизга, Навоий вилоятида 58 фоизга, Андижон вилоятида 65 фоизга, Жиззах вилоятида 67 фоизга, Тошкент вилоятида 51 фоизга ошган. Мазкур ҳудудларда уй-жой нархи ойликларга нисбатан тезроқ ўсган.

Тошкент шаҳри (94 фоиз), Қорақалпоғистон (62 фоиз) ва Фарғона (71 фоиз), Сурхондарё (63 фоиз), Қашқадарё (58 фоиз) Наманган (63 фоиз) ҳамда Самарқанд (68 фоиз) вилоятларида ўртача ойлик маош квартира нархига нисбатан кўпроқ ошган.

Ҳудудлардаги харид қобилияти

Юқорида келтириб ўтилганидек ҳудудлардаги уй-жой нархлари ва ўртача ойлик моашлар бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади. Масалан, Тошкент шаҳрида 60 квадрат метрли уйни бирламчи бозордан харид қилиш нархи ушбу ҳудуддаги 7 йил-у 2 ойлик ўртача маошга тенг. Бу кўрсаткич бошқа жойларда қуйидагича:

  • Навоий вилояти – 4 йил 10 ой;
  • Қорақалпоғистон – 5 йил 4 ой;
  • Сирдарё вилояти – 5 йил 4 ой;
  • Наманган вилояти – 6 йил 3 ой;
  • Жиззах вилояти – 6 йил 6 ой;
  • Фарғона вилояти – 6 йил 8 ой;
  • Хоразм вилояти – 6 йил 10 ой;
  • Андижон вилояти – 6 йил 11 ой;
  • Қашқадарё вилояти – 7 йил 6 ой;
  • Сурхондарё вилояти – 7 йил 6 ой;
  • Бухоро вилояти – 7 йил 10 ой;
  • Тошкент вилояти – 7 йил 11 ой;
  • Самарқанд вилояти – 12 йил 7 ой.

Навоий вилоятида 4 йил-у 10 ойлик ўртача маошга 60 квадратли уй сотиб олиш мумкин. Бу республика миқёсида энг қисқа муддатли кўрсаткич. Айрим ҳудудларда уй-жой олиш ҳамон жуда мураккаб. Жумладан, Самарқанд вилоятида уй олиш учун ўртача 12 йил 7 ойлик ўртача маош керак. Бу мамлакат миқёсидаги энг юқори давр. 

Достон Аҳроров тайёрлади.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид