Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси 2025 йилнинг иккинчи чораги якунлари бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Бирламчи уй-жой бозорида айрим ҳудудларда нархлар ошган бўлса, айрим ҳудудларда сезиларли пасайиш кузатилган. Хусусан, Тошкент шаҳри (-8,2 фоиз) ва Тошкент вилоятида (-5,7 фоиз) нархлар арзонлашиши давом этган. Пойтахтда биринчи чоракда ҳам 6,5 фоизлик пасайиш қайд этилганди.

Ҳисобот даврида энг юқори нарх ўсиши Жиззах (+8,6 фоиз), Хоразм (+5 фоиз) ва Сурхондарёда (+3,2 фоиз) кузатилган.
Тошкент шаҳри ва вилоятида кузатилган нархларнинг қисман пасайишини 2020-2023 йилларда қайд этилган юқори ўсиш суръатларининг табиий тузатилиши сифатида изоҳланган. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда уй-жой нархининг ўсиши давом этяпти. Бундай ўсиш республиканинг йирик марказларига қараганда уй-жой нархлари паст бўлган ҳудудларда, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида кузатилган.
«Ўзбекистон уй-жой бозоридаги эълонлар одатда АҚШ долларида жойлаштирилади. Жорий йилнинг II чораги якунига кўра, миллий валюта АҚШ долларига нисбатан I чорак якуни билан солиштирганда, 1,7 фоизга мустаҳкамланди. Бу жараён, ўз навбатида, уй-жой нархларининг миллий валютада бироз арзонлашишига ҳам ўз таъсирини кўрсатган», дейилади ҳисоботда.
Тошкент шаҳри кесимида олинганда йил бошидан бери барча туманларда нархларнинг арзонлашиши кузатилган. Энг катта пасайиш Сергели (1-чоракда – 10,5 фоиз, иккинчи чоракда – 4,5 фоиз) туманида қайд этилган бўлса, Шайхонтоҳур туманида нархларнинг нисбатан барқарорлиги сақланиб қолган.

Уйларнинг ўртача қиймати жиҳатдан энг арзон туман Бектемир (10,72 млн сўм/м²), энг қиммат туманлар Миробод (17,16 млн сўм/м²), Яккасарой (15,68 млн сўм/м²) ва Шайхонтоҳур (16,24 млн сўм/м²) бўлиб қоляпти.
Иккиламчи уй-жой бозори
Иккиламчи уй-жой бозорида ҳам айрим ҳудудларда нархларнинг ошиши, айрим ҳудудларда эса тушиши кузатиляпти. Бу борада энг катта нарх ўсиши Қорақалпоғистон (+9,6 фоиз), Хоразм (4,2 фоиз), Сирдарё (3,7 фоиз) ва Сурхондарё (2,9 фоиз) вилоятларида, энг катта пасайиш эса Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида қайд этилган.









