Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тунги иқтисодиёт, иситиш мавсумида моддий ёрдам ва ёшларга фоизсиз қарз – маҳаллий дайжест
Янги Тошкент ҳудудида Петербург мавзеси барпо этилади. Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик ёрдам берилади. Савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар соҳаларнинг тунги вақтда ҳам тўсиқсиз фаолият кўрсатиши кафолатланиши белгиланади. Ёшларга фоизсиз қарз берилади. Нукусдаги дала ўқув майдонида юз берган портлашда 10 га яқин ҳарбий хизматчи жароҳатланди.
Янги Тошкент ҳудудида «Петербург мавзеси» барпо этилади
Шавкат Мирзиёев Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов бошчилигидаги делегация билан ушбу ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Россия делегациясининг бу галги ташрифи чоғида металлургия, ускунасозлик, йўл қурилиши, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика ҳамда бошқа соҳаларда 23 та кооперация лойиҳасини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинди.
Пойтахтда Ишбилармонлик маркази фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, Янги Тошкент ҳудудида «Петербург мавзеси»ни барпо этиш лойиҳасини тайёрлаш ишлари олиб борилаётгани қайд этилди.
Тунги иқтисодиётни ривожлантиришга оид лойиҳа эълон қилинди
Стратегик ислоҳотлар агентлиги президентнинг тунги иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича қарори лойиҳасини тайёрлади.
Ҳужжатга кўра, савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар соҳаларнинг тунги вақтда ҳам тўсиқсиз фаолият кўрсатиши кафолатланиши белгиланади.
Ўзбекистонда тунги вақтда фаолият юритадиган кўчалар аҳоли сони 50 мингдан ошган шаҳарларда ташкил этилади. Ушбу кўчаларда филиалини очган тадбиркорлик субъектлари молиявий қўллаб-қувватланади ва айрим харажатлари қоплаб берилади. «Тунги иқтисодиёт менежери» лавозими жорий этилади.
Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик ёрдам берилади
2025-2026 йилги иситиш мавсумида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йил ноябр ойида 1 млн сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг маълум қилишича, ёрдамни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олувчи оилалар, «Камбағал оилалар реестри»даги оилалар, «Маҳалла еттилиги» томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатга киритилган оилалар олиши мумкин. Шунингдек, қўшимча тоифадаги фуқаролар (боқувчисини йўқотган, I ёки II гуруҳ ногирони бўлган аъзоси бор, ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган ва бошқалар) ҳам олиши мумкин.
Бунинг учун жорий йил 25 сентябрга қадар «Маҳалла еттилиги»га мурожаат қилиш лозим.
Ёшларга фоизсиз қарз берилади
Ўзбекистонда ёшларнинг турли лойиҳаларини молиялаштириш учун фоизсиз қарз берилади. Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси 2 турдаги қарз ажратишини эълон қилди.
Биринчиси, тадбиркорлик учун бино ва иншоотларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 6 минг БҲМ миқдорида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 3 йилгача муддатга ажратиладиган қарз.
Иккинчи турдаги қарз эса олис ва чекка маҳаллаларда хорижий тилларни ўргатиш бўйича ўқув марказларини ташкил қиладиган тадбиркорларга берилади. Маблағнинг миқдори эса 320 БҲМ миқдорида бўлади.
Жамғарма бераётган имтиёзли қарзлар ёшларга ўз бизнесини бошлаш ва ривожлантиришга хизмат қилиши лозим.
Нукусдаги дала ўқув майдонида юз берган портлашда 10 га яқин ҳарбий хизматчи жароҳатланди
10 сентябр куни Нукус дала ўқув майдонида амалий ўқув машғулоти ташкиллаштирилган. Миллий гвардиянинг маълумот беришича, машғулот давомида ўқув машғулоти учун мўлжалланган портловчи махсус воситанинг детонация шнури чақнаши натижасида кичик портлаш юзага келиб, машғулот иштирокчиларидан 10 га яқин ҳарбий хизматчи турли даражадаги тан жароҳати олган.
Таъкидланишича, уларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва ҳозир ҳарбий хизматчиларнинг соғлиги тикланмоқда.
Мавзуга оид
21:30 / 15.12.2025
Тадбиркорлар учун янги имкониятлар ва ИИБ ходимининг мудҳиш жинояти – маҳаллий дайжест
21:02 / 12.12.2025
«Метан заправка»ларда чекловлар ва Фарғона водийсига кўчма контейнерда газ – маҳаллий дайжест
21:54 / 11.12.2025
Уй-жой ва автомобил савдосида нақд пулдан воз кечилиши ва инсон аъзолари савдогарларига жазо – маҳаллий дайжест
22:32 / 10.12.2025