Стратегик ислоҳотлар агентлиги президентнинг тунги иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича қарори лойиҳасини тайёрлади.

Лойиҳага кўра, 2025-2030 йилларда:

  • тун-у кун фаолият кўрсатувчи кўчалар (ҳудудлар) сони 320 тага;
  • тун-у кун фаолият кўрсатувчи кафе ва ресторанлар сони 8 мингтага;
  • тун-у кун фаолият кўрсатувчи савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари сони 14,2 мингтага етказилади.

Бундан ташқари, лойиҳадан тун-у кун фаолият кўрсатувчи кўчалар (ҳудудлар)да 755 та автотураргоҳлар ташкил этиш, тун-у кун фаолият кўрсатувчи кўча (ҳудуд)ларда ташкил этиладиган савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида 11,3 мингта янги иш ўринлари яратиш, тунда фаолият юритадиган туристик объектлар ва маданий тадбирларни ривожлантириш орқали 190 минг маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш режалари ўрин олди.

Ҳужжатга кўра, савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар соҳаларнинг тунги вақтда ҳам тўсиқсиз фаолият кўрсатиши кафолатланиши белгиланади.

Тунги вақтда фаолият юритувчи тадбиркорлар қўллаб-қувватланади

Қарор лойиҳасида гастрономик, кўнгилочар ва туризм соҳаларида ишлайдиган тадбиркорлик субъектлари учун тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариб бериш (кешбэк) тизими кенгайтирилиши назарда тутилган.

Маҳаллий брендга эга тадбиркорлик субъектлари томонидан тун-у кун фаолият кўрсатувчи кўча ва ҳудудларда ўз филиалини очиш учун битта филиал камида:

  • 5 та янги иш ўрни яратган тақдирда 1 миллиард сўмгача;
  • 10 та янги иш ўрни яратган тақдирда 5 миллиард сўмгача;
  • 15 та янги иш ўрни яратган тақдирда 10 миллиард сўмгача молиявий қўллаб-қувватланади.

Бундан ташқари, ҳудудларда филиал очиш истагини билдирган маҳаллий бренд эгаларига янги ходимларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш билан боғлиқ харажатларнинг ярми бир нафар ходим учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробаридан ошмаган миқдорда қоплаб берилади. Шунингдек, маҳаллий бренд эгалари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга сифат даражасини англатувчи миллий сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатлар тўлиқ, халқаро тан олинган сертификатларнинг 3 минг АҚШ долларидан ошмаган қисми қоплаб берилади.