Сунъий интеллект ёрдамида тайёрланаётган тасвирлар тобора ишонарли бўлиб бормоқда. Натижада баъзан ҳақиқий фотосуратларга асосланган ишлар ҳам шубҳа уйғотяпти. Ларсеннинг тасвири билан ҳам худди шундай ҳолат юз берди: уни яратиш учун фотограф қарийб икки соат суратга олган, кейин эса кадрларни бирлаштиришга яна тахминан 45 соат сарфлаган.
Якуний тасвирда тахминан 1400 та сунъий йўлдошга тегишли 14 мингта из акс этган. Улар бир-бирини кесиб ўтиб, тоғ тепасидаги осмонда зич чизиқлар тўрини ҳосил қилган.
Бироқ бу манзара бир лаҳзада олинган ягона фотосурат эмас. У қарийб икки соат давомида туширилган юзлаб кадрларни устма-уст бирлаштириш орқали тайёрланган. Демак, тасвирдаги барча чизиқлар осмонда бир вақтнинг ўзида кўринмаган — улар кузатув давомида қайд этилган ҳаракат изларининг йиғиндисидир.
Ларсен камерасини Янги Зеландиянинг Шимолий оролидаги Таранаки тоғи томон йўналтириб, тунги осмонни кетма-кет суратга олган. Жами 578 та кадр туширилган. Ҳар бир кадрнинг экспозицияси саккиз секундни ташкил этган, кадрлар орасида эса икки секундлик танаффус бўлган. Экспозиция давомида ҳаракатланаётган йўлдошлар суратда ёруғ чизиқлар кўринишида акс этган.
Фотографнинг айтишича, суратга олиш ишнинг энг осон қисми бўлган. Асосий меҳнат кейин бошланган: у Adobe Photoshop дастурида юзлаб кадрларни бирлаштириб, йўлдош изларини якуний тасвирга жамлаган.
Ҳар бир алоҳида фотосуратда ўртача 25 тага яқин сунъий йўлдош акс этган. Ларсен таҳрирлашга сарфлаган вақтининг катта қисмини юлдузлар тасвирини ўчиришга ажратган. Бу йўлдошлар қолдирган изларни янада аниқроқ ажратиб кўрсатиш имконини берган.

Бу ерда 14 мингта из 14 мингта алоҳида йўлдошни англатмаслигини ҳисобга олиш керак. Бир йўлдош кетма-кет олинган бир нечта кадрда кўрингани учун унинг излари умумий ҳисобда такрорланади. Шу сабабли излар сони йўлдошларнинг ўзидан анча кўп.
Муаллифнинг таъкидлашича, тасвирдаги ҳар бир йўлдош изи камера орқали қайд этилган. Якуний манзара ҳақиқий фотосуратларни қайта ишлаш ва бирлаштириш натижасида ҳосил бўлган.
Тасвир ижтимоий тармоқларда тез тарқалгач, фойдаланувчилар унинг ҳақиқийлиги ҳақида баҳслаша бошлаган. Айримлар бундай осмон манзарасини фақат сунъий интеллект яратиши мумкин, деб ҳисоблаган. Ўз меҳнати натижасига шундай муносабат билдирилгани фотографни ранжитган.








