Қайд қилинишича, заводда жорий йилнинг тўққиз ойида 1,36 миллион тонна, қиймати 12,1 триллион сўм бўлган нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Маҳсулот ҳамда хизматлар экспорти 99,5 миллион долларни ташкил этди. Йил якунигача бу кўрсаткични 116 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Давлат раҳбарига тақдим этилган модернизация лойиҳаси хомашёни қайта ишлаш ҳажмини ошириш билан бирга юқори октанли бензин ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 328 миллион долларни ташкил этади.
Унинг доирасида нафтани гидротозалаш ва изомеризация қилиш қурилмалари ўрнатилади. Гидротозалаш жараёнида хомашё таркибидаги олтингугурт ва бошқа аралашмалар камайтирилади. Изомеризация эса енгил фракциялардан олинадиган бензиннинг октан сонини ошириш имконини беради. Мазкур жараёнлар Евро-5 талабларига жавоб берадиган АИ-92 ва АИ-95 русумли бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун муҳимдир.
Лойиҳада хомашёни фракцияларга ажратиш ва оғир қолдиқларни чуқур қайта ишлашни такомиллаштириш ҳам назарда тутилган. Натижада заводнинг йиллик қайта ишлаш қувватига яна 2,5 миллион тонна қўшилиб, умумий қувват 5 миллион тоннага етади. Қайта ишлаш ҳажми ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ортиши ички бозор таъминотини мустаҳкамлаш, экспортни кўпайтириш имконини яратади.
Президент модернизация ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат билан бажариш, янги қурилмаларни мавжуд ишлаб чиқариш жараёнларига уйғун ҳолда жорий этиш ҳамда корхонанинг барқарор фаолиятини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди ҳамда лойиҳада иштирок этаётган хорижий компаниялар вакиллари билан мулоқот қилди.












