Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни Бухоро вилоятига ташрифи доирасида янги объектларни ишга тушириш ва истиқболли лойиҳалар қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.
Давлат раҳбари сўнгги тўққиз йилда вилоятга 9,5 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилиниб, 6 мингдан ортиқ янги ишлаб чиқариш қуввати ва 120 мингта доимий иш ўрни яратилганини қайд этди. Бу натижалар одамларнинг бандлиги ва даромади ошиши, маҳаллий корхоналарнинг янги бозорларга чиқишида ўз ифодасини топмоқда.
– Бугунги Бухоро буюк тарихдан янги тараққиёт ва муҳташам лойиҳалар даврига шиддат билан юзланмоқда, – деди президент.
Нефть-кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, машинасозлик, энергетика, тоғ-кон саноати, фармацевтика, рақамли технологиялар, логистика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, уй-жой қурилиши, инфратузилма, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида умумий қиймати 7,8 миллиард доллар бўлган 145 та лойиҳадан иборат дастур шакллантирилган. Шундан 654 миллион долларлик 55 та лойиҳа ишга туширилмоқда, қиймати 7,1 миллиард доллар бўлган яна 90 тасининг қурилиши бошланмоқда.
Лойиҳаларда АҚШ, Канада, Германия, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Хитой, Вьетнам, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Россия ва Ҳиндистон инвесторлари, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирок этмоқда.
Уларнинг амалга оширилиши натижасида 14 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши, йилига 22 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва 510 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлиши кутилмоқда.
– Мақсад битта – импорт ўрнини босадиган ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, – деди давлат раҳбари.
Вилоятда энергетика соҳасида ҳам йирик қувватлар барпо этилмоқда. Сўнгги йилларда “яшил” энергетикага 2 миллиард доллар жалб қилиниб, 1 минг мегаватт шамол ва 750 мегаватт қуёш электр станциялари, шунингдек, 63 мегаваттли энергия сақлаш тизимлари ишга туширилди. 601 километр магистрал электр тармоғи тортилди.
Ғиждувонда “ACWA” компанияси билан 300 мегаваттли “Бош-2” шамол электр станцияси, Жондорда “Toyota Corporation” ва Пешкуда “Sinoma” компаниялари иштирокида умумий қуввати 1 минг мегаватт бўлган шамол электр станцияларининг қурилиши давом этмоқда. Хитойлик ҳамкорлар билан Когон туманида маиший чиқиндилардан электр энергияси олишга қаратилган 165 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш, Германиянинг “Leman” компанияси билан эса “Аму-Бухоро” канали насос станцияларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича 150 миллион долларлик лойиҳани йўлга қўйиш режалаштирилган.












