Россиянинг Владивосток шаҳрида маҳаллий ёшлар Ўзбекистон фуқароларини калтаклади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ўсмирлар мигрантларни дўппослаб, уларнинг устидан кулиб, ҳақорат қилганини кўриш мумкин. Ҳолат улардан бири томонидан тасвирга олинган.

Ўзбекистоннинг Владивостокдаги бош консули Юсуп Кабулжанов ҳодисага изоҳ берди.

«Ҳолат аниқланган заҳоти Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари ташаббуси билан жабрланган фуқароларимиз билан тезкор алоқа ўрнатилиб, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, фуқароларимиз томонидан Владивосток шаҳар Ички ишлар бошқармасига расмий ариза топширилди ҳамда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Владивостокдаги ваколатхонасига ва Приморск ўлкаси прокуратурасига мазкур масала юзасидан барча тегишли чораларни кўриш зарурлиги ҳақида ноталар юборилди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ҳодиса Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.