Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пешлавҳалар учун «солиқ» ва муддати тугаётган маҳсулотлар учун чегирма – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Тошкентда дўконлар ва дорихоналар пешлавҳалари учун «солиқ» солинмоқда
Тошкент шаҳридаги дўконлар ва дорихоналарга Рақамли ривожланиш департаменти огоҳлантириш хати юбормоқда. Унда дўконнинг номи ёзилган пешлавҳалар ташқи реклама деб баҳоланган.
Қайд қилинишича, бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил февралдаги 104-сонли қарорида назарда тутилган. Унга кўра, ахборот берувчи пешлавҳалар юзаси 1 квадрат метрдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Акс ҳолда, улар ташқи реклама деб баҳоланади ва белгиланган тартибда реклама жойининг паспорти расмийлаштирилиб, тўлов қилиниши лозим.
Бизнес-омбудсман расмийсининг сўзларига кўра, ҳокимликнинг талаби қонуний, аммо адолатсиз.
Жиззахдаги кичик ва катта АЭС энергоблокининг ишга туширилиш санаси маълум қилинди
Кичик қувватли АЭС биринчи энергоблоки 2029 йилда, иккинчиси эса орадан олти ой ўтиб ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, катта АЭС биринчи энергоблоки 2033 йилда, иккинчиси эса 2035 йилда ишга туширилиши мумкин.
Бу ҳақда Ўзатом директори Азим Аҳмадхўжаев 25 сентябр куни Москвада бўлиб ўтган «Жаҳон атом ҳафталиги» халқаро форумида маълум қилди.
Ўзатом ва Росатом ўртасидаги янги келишувга кўра, Жиззахда кичик ва катта АЭС қурилади, улар биргаликда 525 гектар умумий майдонда жойлашади. Бу лойиҳа Ўзбекистонни қўшалоқ АЭСга эга дунёдаги биринчи давлатга айлантиради.
Истеъмол қилиш муддати тугаётган озиқ-овқат маҳсулотлари учун чегирмалар жорий қилинади
Бу ҳақда «Оқилона истеъмол» (Save food) дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасида белгиланган.
Унга кўра, доимий равишда йирик савдо марказлари ва озиқ-овқат дўконларида истеъмол қилиш муддати тугаш арафасида бўлган маҳсулотлар расталари ташкил этилади.
Истеъмол қилиш муддати тугаш арафасида бўлган маҳсулотлар нархи ҳар 10 кунда пасайтириб борилади.
Телефонни қувватлагичда назоратсиз қолдирманг
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) хавфсизлик чоралари бўйича бир нечта тавсия берди. Қайд қилинишича, телефонни қувватлагичда назоратсиз қолдириш турли хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Таъкидланишича, телефон ёки қувватлагич ҳаддан ташқари қизиб кетиши мумкин, электр токи узилишлари ёки кучланишнинг ўзгариши портлаш ёки ёнғинга сабаб бўлиши эҳтимоли бор.
Телефонни кечаси қувватга қўйиб ухламаслик, ортиқча қизиб кетган бўлса, қувватдан узиб, совишини кутиш ҳамда зарур бўлмаса, доимий равишда 100 фоиз қувватда сақламаслик (40-80 фоиз оралиғида ушлаб туриш) тавсия этилди.
Йирик сиёсий арбоб Исмоил Жўрабеков 94 ёшда вафот этди
Исмоил Жўрабеков 1931 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. У узоқ йиллар давомида республика мелиорация ва сув хўжалиги вазири, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси ўринбосари каби лавозимларда ишлади.
Мустақилликнинг илк йилларида агросаноат соҳасини бошқарган, фуқаро муҳофазаси ишлари бўйича вазир бўлган, 1994–1998 йилларда бош вазир ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган, 2000–2004 йилларда эса Ўзбекистон президентининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимларида фаолият юритган.
У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи» фахрий унвонлари ҳамда «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати», «Буюк хизматлари учун», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.
Мавзуга оид
22:46 / 05.12.2025
Янги энергетика қувватлари ва Гулистондаги портлашдан сўнг қамоққа олинганлар — маҳаллий дайжест
22:47 / 04.12.2025
Президент газ портлашида жабрланганлар билан учрашди ва 4,5 млн тонналик пахта режаси – маҳаллий дайжест
22:05 / 03.12.2025
Тошкентда тунги экорейдлар ва Гулистон бозоридаги фожиа – маҳаллий дайжест
23:11 / 02.12.2025