Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт лойиҳаси тақдимоти билан танишди ҳамда мазкур улкан мажмуа қурилиши бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди.

Изчил тараққий этиб, улкан мегаполисга айланаётган Тошкент шаҳрига дунёнинг турли минтақаларидан сайёҳлару тадбиркорлар, инвестору давлат арбобларининг ташрифи кўпайиб бормоқда. Аниқ рақамларда айтадиган бўлсак, Ўзбекистон дунёга кенг очилганидан сўнг хорижий сайёҳлар сони 3 миллиондан 10 миллионга ошди. 2030 йилга бориб, 15 миллионга етади.

Яхши қўшничилик алоқаларининг тиклангани, чегараларнинг очилгани натижасида одамлар учун минтақамиз бўйлаб бемалол ҳаракат қилиш имконияти яратилди.

Давлат раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Янги Тошкент шаҳри ҳам қулай жойлашуви, инвестицион жозибадорлиги, яшаш учун барча шарт-шароитларга эгалиги боис, ғоят гавжум масканлардан бири бўлиши кутилмоқда.

Шунга мувофиқ, транспорт инфратузилмасининг барча йўналишлари мутаносиб ривожлантирилмоқда. Айниқса, авиация соҳасида янги экотизимни шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, ҳудудлардаги 7 та халқаро аэропорт замон талаблари асосида реконструкция қилиняпти.

Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Шаҳрисабз, Сариосиё, Сўх туманларида янги аэропортлар барпо этилиб, уларнинг сони 18 тага етказилди.

Энг муҳими, соҳада рақобат муҳити яратилгани сабабли 15 та янги авиакомпания пайдо бўлди. Уларнинг авиапаркидаги ҳаво кемалари сони 26 тадан 105 тага етди.

Ҳозирда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Россия, Полша каби давлатларнинг 51 та авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида келгусида ҳам транспорт инфратузилмаси жадал ривожлантирилишини таъкидлади.

Жумладан, келгуси беш йилда авиапаркдаги ҳаво кемалари 180 тага, йўналишлар 230 тага, маҳаллий ва халқаро авиақатновлар сони эса йилига 200 мингга етказилади. Аэропорт инфратузилмасини хусусий шериклик асосида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.

– Ушбу ислоҳотларимизнинг пировард натижасида Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.