Ўзбекистон | 21:41 / 30.10.2025
5728
5 дақиқада ўқилади

Хусусий сектордагиларга нафақа ва Ўзбекистон Кубоги финалидаги можаро – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Хусусий секторда банд бўлган шахсларга ҳам нафақа тўланиши йўлга қўйилади

Президент Шавкат Мирзиёев 29 октябрь куни ижтимоий суғурта тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди. Тақдимотда аҳолининг камбағалликка тушиши олдини олиш долзарб масалалари кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, хусусий секторда банд бўлган аҳолининг барчасига ҳомиладорлик, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ва ишдан бўшаш бўйича нафақалар тўлаб берилмаяпти. Бу ҳолатни тўловлар кўп ҳолларда ишлаб чиқариладиган маҳсулот таннархининг ошишига олиб келаётгани ва рақобатбардошликка таъсир кўрсатаётгани, иш берувчилар нафақаларни тўлашга ортиқча юкланма сифатида қараётгани сабабли тадбиркорлар учун ушбу тизим жозибадор эмаслиги билан изоҳлаш мумкин.

Расмий банд бўлган барча шахсларга нафақалар босқичма-босқич Ижтимоий ҳимоя жамғармаси томонидан тўланиши йўлга қўйилади. 2026 йилдан бошлаб аёлларга ҳомиладорлик нафақаси, 2026 йил иккинчи ярмидан эса вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари тўлаб борилади.

«Пахтакор» можароли финалда Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди

Андижонда 29 октябрь куни Ўзбекистон Кубоги финал ўйини ўтказилди. Унда Тошкентнинг «Пахтакор» ва «Бухоро» клублари тўқнаш келди. Муросасиз ўтган баҳснинг тақдирини 63-дақиқада Ҳожимат Эркинов томонидан урилган ягона гол ҳал қилди.

Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда «Бухоро» жавоб голини урди. Бироқ бош ҳакам VAR текширувидан сўнг офсайд туфайли голни бекор қилди. Шундан сўнг «Бухоро» футболчилари ҳакам қарорига фаол эътироз билдира бошлади. Бироз вақт ўтгач, майдонда оммавий тўполон юзага келди. Ҳар иккала жамоа футболчилари бир-бирини туртиб, орани очиқ қилишга киришиб кетди.

Ўйиндан кейин Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази экспертлари ўйинни бошқарган ҳакам 75-дақиқада «Пахтакор» футболчисига қизил карта кўрсатмай хато қилганини қайд этди, ўйин охирида бухороликлар урган гол офсайд туфайли бекор қилинганини тўғри қарор деб топди.

Аҳолини рўйхатга олишдан олдин эҳтиёт чоралари эълон қилинди

Расмий манбалар аҳолини рўйхатга олиш арафасида фуқароларни фирибгарликлардан огоҳлантирди: офлайн рўйхатни фақат “Маҳалла еттилиги” аъзолари махсус бейжик билан амалга оширади, телефон/ижтимоий тармоқ орқали маълумот сўралмайди, SMS-код ёки пул талаб этилмайди.

Маълумотлар фақат махсус ишлаб чиқилган ягона платформа — census.stat.uz орқали ҳимояланган маълумотлар базасига юборилади. Шахсий маълумотларнинг махфийлиги қонун билан кафолатланади ва учинчи шахсларга берилмайди.

Мутасаддилар фуқаролардан фақат расмий каналларга ишонишни, шубҳали қўнғироқлар ва хабарларга ишонмасликни, рўйхатга олувчилар келганда эса бейжик ва ускуналарни текширишни сўради.

Пенсия ҳисобига яшовчи оилалар ҳам иситиш мавсумида 1 млн сўм олади

Президент қарорига мувофиқ, жорий йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож 1,1 миллиондан ортиқ оила рўйхатга олинди. Иситиш мавсуми давомида уларга, жумладан фақат пенсия ҳисобига яшовчи оилаларга 1 миллион сўмдан моддий ёрдам берилади.

Маълумот учун, ўтган йили 120 минг оилага 270 минг сўмдан ёрдам берилган эди. Жорий йилда ёрдам ҳажми ўтган йилга нисбатан 2,5 бараварга оширилмоқда. Дастур доирасида жами 1,2 трлн сўм маблағни давлат бюджети ҳисобидан ажратиш режалаштирилган.

Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов вафот этди

Ўзбек Миллий Академик драма театри санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби, театр, кино ва дубляж актёри Ёқуб Аҳмедов 87 ёшда вафот этди.

У 1958 йилдан кинода суратга тушган, юзлаб кинолойиҳаларда иштирок этган. 400 дан ортиқ филм дубляж жараёнида қатнашган. Филмографиясида “Мафтунингман” (1958), “Шум бола” (1977), “Али-Бобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари” (1980), “Юлдузли тунлар”даги образлар ва бошқалар бор.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид