Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов вафот этди
Ўзбек Миллий академик драма театрининг устоз санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов 87 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Ўзбек Миллий Академик драма театри устоз санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, "Фидокорона хизматлари учун" ордени соҳиби, театр, кино ва дубляж актёри Ёқуб Аҳмедов 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбек миллий академик драма театри хабар берди.
Ёқуб Аҳмедов 1938 йил 3 январ куни Наманган шаҳрида туғилган. Болалик давридан саҳнага меҳр қўйиб, Наманган вилоят мусиқали драма ва комедия театридаги спектаклларда қатнашган.
1959 йили А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти) тамомлаган.
1958 йилдан Тошкентдаги Ҳамза номидаги Ўзбекистон академик драма театри (2001 йилдан — Ўзбекистон Миллий академик драма театри) актёри бўлиб ишлаган, саҳнада 50 га яқин қиррали образ яратган. 1990-йиллар охири — 2013 йилгача театр директори сифатида фаолият юритган, 2015 йилда театр қошида “Актёрлик маҳорати мактаби” студиясини ташкил этган.
Кинода 1958 йилдан суратга тушган, юзлаб кинолойиҳаларда иштирок этган. 400 дан ортиқ филм дубляж жараёнида қатнашган. Филмографиясида “Мафтунингман” (1958), “Шум бола” (1977), “Али-Бобо ва Қирқ қароқчи саргузаштлари” (1980), “Юлдузли тунлар”даги образлар ва бошқалар бор.