Жаҳон | 08:20 / 25.11.2025
2642
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Киевга навбатдаги зарбаси: қурбонлар ва яраланганлар бор

Россиянинг Украина пойтахтига ва энергетика объектларига амалга оширган ҳаво ҳужуми оқибатида турар жой уйларига снаряд парчалари тушган, ёнғинлар чиққан. Бир киши ҳалок бўлди, саккиз киши яраланди, деб хабар қилди маҳаллий ҳокимият вакиллари.

Фото: Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати

Россия қўшинлари сешанбага ўтар кечаси, 25 ноябрда Украина пойтахти Киев ва Киев вилоятига навбатдаги зарбани амалга оширди. Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченкога кўра, ҳужум натижасида бир киши ҳалок бўлган, етти нафар тинч фуқаро жабрланган, улардан икки нафари касалхонага ётқизилган.

Пойтахтнинг Печерск туманидаги 22 қаватли турар жой уйидан аҳоли эвакуация қилинаётгани ҳақида Киев мэри Виталий Кличко Telegram’да ёзди. «Уйнинг 4–7-қаватлари даражасида вайронагарчилик ва ёнғин мавжуд», — дея аниқлик киритди у. Украина Фавқулодда ҳолатлар давлат хизмати хабарига кўра, шаҳарнинг Днипро дарёси чап соҳилида жойлашган Днипровский тумани, Русановка микрорайонида Россия дрони тўғридан тўғри 9 қаватли турар жой биносига урилган, натижада 6–7-қаватларда вайронагарчилик ва ёнғин келиб чиққан. «Жами 8 киши қутқарилди. Яна 4 нафар жабрланувчи мустақил равишда шифокорларга мурожаат қилди», — деб ёзади хизмат Telegram’да.

Киев вилоятига ракеталар ва дронлар билан қилинган ҳужум ҳақида вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Николай Калашник маълум қилди. «Вилоятнинг тинч аҳоли яшайдиган қатор ҳудудлари қўшма зарба остида қолди. Афсуски, Белая Церковда 14 ёшли қиз жабрланди», — дейилади унинг Telegram’даги хабарида.

Украина Энергетика вазирлиги мамлакат энергетика инфратузилмасига қилинган оммавий қўшма ҳужум ҳақида маълум қилди. Украина Қуролли Кучлари Ҳаво кучлари бутун Украина бўйлаб ракета хавфи ҳақида огоҳлантириш берди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид