Жамият | 15:41 / 26.11.2025
1611
3 дақиқада ўқилади

Словакия Ўзбекистондан ишчи кучи жалб этишга қизиқиш билдиряпти

Братислава шаҳрида бўлиб ўтган «Барқарор меҳнат миграцияси амалий қадамларда» конференциясида Словакия меҳнат бозоридаги ишчи кучи танқислигини қоплаш доирасида Ўзбекистондан меҳнатга лаёқатли ва уюшган ишчи кучини қонуний равишда жалб этишга қизиқиш билдирилди.

Фото:

Братислава шаҳрида Словакия Меҳнат, ижтимоий масалалар ва оила вазирлиги ҳамда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) томонидан «Барқарор меҳнат миграцияси амалий қадамларда» конференцияси ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Анжуман меҳнат миграциясини икки томонлама бошқариш бўйича халқаро тажриба ва илғор амалиётларни муҳокама қилишга, шунингдек, ушбу соҳадаги сиёсат, дастурлар ва тенденцияларни таҳлил этишга қаратилди. Тадбирда Словакия давлат органлари, маҳаллий иш берувчилар ва касаба уюшмалари вакиллари, меҳнат миграцияси бўйича мутахассислар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Словакия Меҳнат, ижтимоий масалалар ва оила вазирлигининг Халқаро муносабатлар ва Европа ишлари департаменти директори Карол Йокл мамлакат айрим муҳим соҳаларда жиддий ишчи кучи танқислигини бошдан кечираётганини таъкидлади. Шу муносабат билан 2025 йил июн ойида миграция бўйича янги миллий стратегия қабул қилингани, ҳужжат ЕИга аъзо бўлмаган мамлакатлардан, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликларга эга муҳожирлар учун имкониятлар яратиш ва тартиб-қоидаларни соддалаштиришга қаратилганини маълум қилди.

ХМТнинг субминтақавий бюроси директори Жанлука Рокко ўз нутқида ташкилот меҳнат миграцияси соҳасида барча манфаатдор томонларга амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Конференцияда Ўзбекистоннинг Словакиядаги элчиси (қароргоҳи Вена шаҳрида) Бахтиёр Ибрагимов ҳам сўзга чиқди. У ўз чиқишида Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси соҳасини ривожлантириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни касбий тайёрлаш ва ташкилий қўллаб-қувватлаш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Словакия меҳнат бозорида ишчи кучи етишмаслигини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистондан меҳнатга лаёқатли ва уюшган ишчи кучини қонуний равишда юбориш масаласига алоҳида қизиқиш билдирилди.

Дипломат ўз нутқида Ўзбекистон томони меҳнат миграцияси йўналишида узоқ муддатли, барқарор ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлаб, бу ҳамкорлик нафақат иқтисодий самара беради, балки маданий алмашинув ва икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид