Словакиянинг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси (UBOK) ходимлари мамлакат шарқидаги дрон ишлаб чиқариш корхонасига ўт қўйишга тайёргарлик кўрилаётганининг олдини олди.
Словакия полицияси 25 август куни маълум қилишича, жамият учун хавфли бўлган ўта оғир жиноятни тайёрлашда гумонланаётган уч нафар хорижликка нисбатан айблов эълон қилинган.
Уларнинг икки нафари Словакия ҳудудида қўлга олинган. Учинчи гумондор эса қисқа муддат ичида расмийлаштирилган Европа ҳибсга олиш ордери асосида Германияда ушланган.
Полиция маълумотига кўра, гумондорлар тинтув қилинганда «катта миқдорда» ёнувчан аралашма, турли асбоблар, мобиль телефонлар, экшн-камера ва қўлда чизилган режа мусодара қилинган.
Дастлабки тахминларга кўра, гумондорлар заводда ёнғин чиқариш учун напалмдан фойдаланишни режалаштирган бўлиши мумкин.
Ҳужум пайтида заводда 70 га яқин одам бўлиши мумкин эди
Словакия полициясининг дастлабки маълумотларига кўра, режалаштирилган ҳужум амалга оширилган тақдирда завод биноси ичида тахминан 70 нафар ходим бўлиши мумкин эди.
Шунингдек, ишлаб чиқариш цехидаги мол-мулк ва ускуналарнинг умумий қиймати ўнлаб миллион еврони ташкил этиши айтилмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳозирча гумондорларнинг фуқаролиги, заводнинг номи ва эҳтимолий ҳужум ортидаги мотивлар ҳақида батафсил маълумот бермаган.
Европада мудофаа корхоналари билан боғлиқ ҳодисалар кўпаймоқда
Словакиядаги ҳодиса Европа давлатларида мудофаа саноати корхоналари хавфсизлигига эътибор кучайган бир пайтга тўғри келди.
Аввалроқ Британиянинг The Telegraph газетаси Европа бўйлаб қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи корхоналарда диверсия ҳолатлари кўпайгани ҳақида материал эълон қилган эди.
Нашр махсус хизматлар вакилларига таяниб, Россия Европадаги мудофаа корхоналарига зарар етказиш учун маҳаллий жиноий гуруҳлар аъзоларини жалб қилаётган бўлиши мумкинлигини ёзган. The Telegraph манбалари бундай ҳаракатлар НАТОнинг жавоб реакциясини синаб кўришга қаратилган бўлиши мумкинлигини ҳам иддао қилган.
Шу билан бирга, бу Россиянинг эҳтимолий иштироки ҳақидаги ОАВ ва манбаларга таянган даъволар бўлиб, Словакиядаги сўнгги ҳолат юзасидан полиция Москвага алоқадорлик ҳақида маълумот бермаган.









