Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Мирзачўл» кластери шу йилнинг ўзида чўл шароитида пахтадан ҳар гектардан 50–55 центнердан ҳосил олди. Унга бириктирилган 27 нафар фермер эса ҳосилдорликни 85 центнергача етказишга муваффақ бўлди.

Яратилаётган инновацион мактабда ўқиб, махсус сертификат олган фермерларга янги жорий этилаётган рейтинг тизимида қўшимча 10 балл берилиши белгиланган. Бу эса уларга имтиёзли кредитлар ва бошқа қўллаб-қувватлаш чораларидан кенгроқ фойдаланиш имконини яратади.

Шу билан бирга, илғор фермерларнинг тажрибасини оммалаштириш мақсадида устоз-шогирд тизими йўлга қўйилади. Унга кўра, юқори натижа кўрсатаётган фермерлар кам ҳосил олаётган фермерларга бириктирилади. Агар устоз фермер ўз шогирдига тажрибасини ўргатиб, унинг даласида ҳосилдорликни гектарига 50 центнердан оширишга эришса, 5 миллион сўм миқдорида мукофот олади.

Мазкур чора-тадбирлар чўл ва сув танқис ҳудудларда ҳам юқори ҳосилдорликка эришиш, замонавий агротехнологияларни оммалаштириш ва фермерлар ўртасида самарали ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.