Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
РФда биринчи марта «экстремистик» контент қидирилгани учун жарима солинди
Каменск-Уралский шаҳрида яшовчи 20 ёшли йигитга РФ ҳокимияти «экстремистик» деб ҳисоблайдиган материалларни қидириш тўғрисидаги янги маъмурий модда бўйича 3 минг рубл жарима тайинланди.
Фото: Александр Ощепков / NGS.RU
Свердловск вилоятидаги суд чоршанба, 10 декабр куни Каменск-Уралский шаҳрида яшовчи 20 ёшли фуқаро, шифокор ёрдамчиси Сергей Глухихга РФ ҳокимияти «экстремистик» деб атайдиган материалларни қидиришга оид янги маъмурий модда бўйича 3 минг рубл миқдорида жарима тайинлади. Глухих манфаатларини ҳимоя қилаётган юрист Сергей Барсуков РБК агентлигига маълум қилишича, бу қарор ушбу модда бўйича чиқарилган биринчи суд ҳукми ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, ҳимоя остидаги шахс «атайлаб ҳеч нарса қидирмаган» ва ўзини айбдор деб ҳисобламайди.
«Айблов нималарга асосланганини ҳозир сизга айта олмайман, чунки биз асослаб берувчи қисмни 12 декабрда қўлга киритамиз. Ана ўшанда судя нега бундай қарор чиқаргани аниқ бўлади. Биз бу қарор устидан шубҳасиз шикоят қиламиз, чунки суд қарори қонуний эмас, деб ҳисоблаймиз», — дея юрист сўзларини келтиради агентлик. Сергей Барсуков шунингдек, шифокор ёрдамчиси маҳаллий шифохонадан ишдан бўшашга мажбур бўлганини, чунки у ерда «унга босиб ўтказишганини» айтди. Сергей Глухих суд мажлисига ўзи келмаган.
«Экстремистик материаллар»ни қидиришни тақиқлаш тўғрисидаги қонунга РФ президенти Владимир Путин 31 июл куни имзо чекқан, ушбу «норма» 1 сентябрдан кучга кирган. Бу каби «ҳуқуқбузарлик» учун мамлакатда 3 мингдан 5 минг рублгача жарима кўзда тутилган.
Барсуков маълумотларига кўра, аввалига Глухихга Украина томонида жанг қилаётган Россия кўнгиллилар корпуси ва «Азов» баталони ҳақидаги мақолалар сабабли баённома тузилган. Россия ҳокимияти бу тузилмаларни «террористик ташкилотлар» деб эълон қилган. Юрист версиясига кўра, унинг ҳимояси остидаги шахс 24 сентябр куни ишга автобусда кетаётганда интернетдаги саҳифаларни кўздан кечирган ва шу пайтда «тақиқланган ташкилотлар символикаси ва материалларига кўзи тушган».
Юрист таъкидлашича, 20 ёшли ураллик йигит ҳеч нарсани атайлаб қидирмаган: «қараб, ёпиб қўйган». Бироқ орадан бир неча соат ўтгач, Глухихни маҳаллий ФСБ ходимлари бўлимга олиб кетган, у ерда, юрист сўзларига кўра, савол-жавоб қилинган, телефон олиб қўйилган ва кейин қўйиб юборилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари Глухих қайси саҳифаларни кўрганини қандай аниқлагани номаълумлигича қолмоқда.
Шу билан бирга, бугунги суд мажлисида гувоҳ сифатида иштирок этган полиция ходимаси Барсуковнинг ҳимояси остидаги шахс у кўраётган маълумотлар тақиқланганини билганини ва «бу мавзуга 2022 йилдан бери қизиқиб келганини» айтган, дея хабар беради «Интерфакс» агентлиги. Яна бир гувоҳ — ФСБ ходими Глухих «бундан олдин ҳам махсус хизматлар диққат марказида бўлганини» маълум қилган, бироқ, агентлик ёзишича, у ўз иддаосини тасдиқловчи батафсил маълумотни келтирмаган.