Жаҳон | 15:29 / 12.12.2025
3452
3 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби Марк Рютте: “Россиянинг навбатдаги мақсади — биз”

НАТО бош котиби Марк Рютте Берлинда Россия алянсни ўзининг навбатдаги нишони сифатида кўраётганини билдирди. У мудофаа харажатларини зудлик билан оширишга ва Украинага кўмакни кучайтиришга чақирди.

Фото: Yves Herman/REUTERS

НАТО бош котиби Марк Рютте Россия президенти Владимир Путин Украинага қарши уруш билан чекланиш ниятида эмас, деб ҳисоблайди. “Биз — Россиянинг навбатдаги мақсадимиз”, — деди у 11 декабр, пайшанба куни Берлиндаги чиқиши чоғида. Унинг айтишича, ҳозир НАТОнинг вазифаси — урушни бошланмасидан олдин тўхтатишдир. “Бунинг учун биз таҳдидни тўлиқ англаб етишимиз керак”, — дея таъкидлади у ва хавф аллақачон мавжуд эканини қўшимча қилди.

Аниқроқ айтганда, Рютте яна мудофаа харажатларини кўпайтиришга ва Украинага кўмакни кучайтиришга чақирди. “Қуролли кучларимиз ҳимоямиз учун зарур бўлган ҳамма нарсани олиши керак. Украина эса мудофаа учун зарур бўлган ҳамма нарсани — ҳозирнинг ўзида олиши керак”, — деди у. Унинг таъкидлашича, иттифоқчиларнинг жуда кўп қисми вазиятнинг шошилинчлигини ҳис қилмаяпти ва вақт улар томонда, деб ўйлаяпти. “Аммо бу ундай эмас”, — деди у.

АҚШнинг Украинадаги урушни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини шарҳлар экан, Рютте АҚШ президенти Доналд Трамп Путинни музокаралар столига ўтқаза оладиган ягона шахс эканини билдирди. Шу боис, ҳозир Путин ҳақиқатан тинчлик истаяптими ёки қирғиннинг давом этишини афзал кўряптими — шуни текшириш керак. Бунинг учун, Рютте таъкидлашича, Россияга нисбатан босимни сақлаб қолиш зарур.

Шу билан бирга, Марк Рютте Россия ўз мақсадига эришиб, Украина Россия ишғоли остида қолиши мумкин бўлган сценарийдан огоҳлантирди. Бундай ҳолда Россия қўшинлари НАТО билан янада узунроқ чегара бўйлаб туради ва қуролли ҳужум хавфи янада ортади. Унинг сўзларига кўра, ўшанда тийиб туриш ва мудофаа соҳасида улкан ўзгаришлар, шунингдек, янада каттароқ мудофаа харажатлари талаб этилади. “Бу фавқулодда бюджетлар, давлат харажатларини қисқартириш, иқтисодий инқирозлар ва қўшимча молиявий босим дегани”, — деди у. Шунинг учун, Украина хавфсизлиги — бу ўз хавфсизлигимиз ҳам, деб урғулади Марк Рютте.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид