Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нефт-газ соҳасида кутилган натижаларга эришилмаяпти — Қўчқоров
Нефт ва газ соҳасини янги босқичга олиб чиқиш учун президент яратиб бераётган имкониятларга қарамай, соҳада кутилган натижаларга эришилмаяпти, деди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. Унинг сўзларига кўра, “Ўзбекнефтгаз”нинг янги раиси Абдуғани Сангинов энг аввало тартиб-интизомга амал қилиши керак. Сангинов компанияни трансформация қилиб, газ қазиб чиқаришни барқарорлаштиришга ваъда берди.
Фото: "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати
18 декабр куни “Ўзбекнефтгаз” АЖда бош вазир ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда компания бошқаруви раиси лавозимига тасдиқланган Абдуғани Сангинов жамоага расман таништирилди ва қазиб чиқаришни барқарорлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Компания матбуот хизматининг хабар беришича, йиғилишда давлат раҳбари томонидан соҳани ҳар томонлама ривожлантириш, уни янги босқичга олиб чиқиш учун яратилган шароит ва имкониятларга қарамай, кутилган натижаларга эришилмаётгани танқид қилинган.

“Ушбу ҳолатларни бартараф этиш бўйича энг аввало геология-қидирув ва қазиб чиқариш ишларини янги босқичга олиб чиқиш, ҳар бир йўналиш фаолиятини қатъий ва самарали чоралар асосида қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, компания структурасини халқаро стандартлар асосида жорий қилиш, янги бошқарув ёндашувларини қўллаш, стратегик лойиҳаларни амалий натижага йўналтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Хорижий ҳамкорлар билан алоқалар форматини таҳлил қилиш, мавжуд молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш лозимлиги алоҳида қайд этилди”, – дейилади расмий хабарда.

Жамшид Қўчқоровга кўра, Абдуғани Сангинов янги лавозимда қатъиятли бўлиши, ҳар бир топшириққа масъулият билан ёндашиши, ишда энг аввало тартиб ва интизомга амал қилиб, вазифаларни сидқидилдан бажариши керак.
Ўз навбатида, Сангинов қисқа муддатларда “Ўзбекнефтгаз”ни трансформация қилиш бўйича янги стратегияни қабул қилиши, жамоа билан бирга газ қазиб чиқаришни барқарорлаштириш ва соҳада тизимли натижаларга эришилишини маълум қилган.



Йиғилишда, шунингдек, иқтисодиёт ва молия вазирининг нефт-газ бўйича ўринбосари лавозими жорий этилгани маълум қилинган. Бу лавозимга Хуршид Мустафоев тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Абдуғани Сангинов бунга қадар “Ўзбекгидроэнерго” АЖни бошқариб келаётган эди. У “Ўзбекнефтгаз”да эндиликда собиқ раис Баҳодир Сиддиқовнинг ўрнини эгаллади.
Ушбу рокировкадан бир кун олдин Ўзбекистон президентининг энергетик хавфсизлик масалалари бўйича вакили Алишер Султонов лавозимидан озод этилгани маълум қилинганди.
Мавзуга оид
16:43 / 19.12.2025
“Учта Ўзбекистонни боқадиган газ”, истеъфо талаби ва сирли тайинлов – Алишер Султонов фаолиятига назар
11:08 / 19.12.2025
Жамшид Қўчқоровда нефт-газ бўйича ўринбосар пайдо бўлди
20:28 / 17.12.2025
«Ўзбекнефтгаз» Трампга яқин экани айтиладиган лобби компания билан 5 йиллик шартнома имзолади
18:59 / 17.12.2025