Бухорода Россия армиясига ёлланган эркак жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

“Туҳмат қилишди”

Суд ҳукмига кўра, Когон туманида яшовчи 35 ёшли Р.Х. 2014 йил июн ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига борган. У ерда ошпаз бўлиб ишлаб келган эркак 2022 йил безорилик жиноятида айбланиб, 8 йилга қамалган. Жазони ўташ даврида эса Украинага қарши урушда қатнашиш учун 2025 йил ноябр ойида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган.

Р.Х. судда айбига иқрор бўлган ҳамда жазони ўташ муассасасида урушга бориш учун қийноққа солинганини, сўнгра шартнома имзолашга мажбур бўлганини билдирган.

“Аслида қилмаган ишим учун туҳмат қилишиб, 2022 йил октябр ойидан 2024 йил апрел ойига қадар қамоқда сақлаб туришди. Кейин суд ҳукми билан безорилик жиноятида айбли деб топишиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашди. Жазони ўташ учун Удмуртдаги ўта оғир тартибли жазони ижро этиш муассасасига юборилдим”, деган Р.Х. судда.

“Уруш ёки қамоқ”

Судланувчи жазони ўташ даврида Украинага қарши урушга бориш учун қийноққа солинганини, ҳатто муддатига яна 6 йил қўшиб бериш билан таҳдид қилишганини айтган.

“Муассаса ходимлари шартнома тузиб, Украинага қарши урушга боришга мажбурлаш мақсадида менга жуда кўп жисмоний тазйиқ ўтказишди. Бироқ, тазйиқларга қарамай урушга бормаслигимни маълум қилиб, рад этиб юрдим. Ҳар сафар рад этганимда жисмоний тазйиқларни янада кучайтириб боришди.

2025 йил ноябр ойи бошларига келиб, муассасаси раҳбари мени ёнига чақирди. У жазони ижро этиш вақтимда қоидабузарлик қилганим бўйича сохта ҳужжатлар тайёрланганини, агар уларни судга тақдим қилса жазо муддатимга яна 6 йил қўшиб берилишини айтди. Шунда ҳам уларга рад жавобини бердим”, деган эркак ўз кўрсатмасида.

Р.Х. қийноқлар тўхтайвермагач тазйиқлардан қутулиш ҳамда жазо муддатига яна қўшилмаслиги учун 2025 йил 25 ноябр куни шартнома имзолашга мажбур бўлган.

“Фронт ва қочиш”

Шартнома имзоланганидан 3 кун ўтиб, 2025 йил 30 ноябр куни Р.Х.ни қўлига кишан таққан ҳолда Ижевск шаҳри мудофаа бўлимига олиб боришган. У ерда урушга бориш учун шартнома тузган 1200 киши тўпланган.