«Манчестер Сити» кутилмаганда Норвегияда «Будё-Глимт»га 1:3 ҳисобида ютқазди ва ўйин давомида 0:3 ҳисобида ортда ҳам борди. Гвардиола бу ўйинга асосий таркибни туширди ва ҳеч нарса қила олмади. Жамоа шунчалик ёмон ўйнадики, тажрибали ва совуққон Родрининг ҳам асаблари дош бермади – у иккинчи бўлим бошидаёқ майдонни тарк этди.
«Буде» 22-дақиқадаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олганди: тўп майдон марказида эгалланди – ва вингер Уле Бломберг ҳимоячилар орасидан ўтиб кетди. Ҳусанов уни елкаси билан туртиб йиқитгани ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмади, у яна ўрнидан турди ва олис устун олдида очилган Каспер Ҳегни голли пас билан таъминлади.
Икки дақиқа ўтмасдан меҳмонлар дарвозаси яна бир бор ишғол этилди. Бу вазиятда 20 ёшли ҳимоячи Макс Аллейн голга сабабчи бўлди: у майдон марказида йўқ жойдан тўпн олдирди ва қарши ҳужумда Ҳег осонлик билан дарвозани ишғол этди.
«Сити» иккинчи бўлимда ҳам ўзига кела олмади: аввалига 52-дақиқада Хокон Эвен урган гол офсайд туфайли бекор қилинди. Аммо инглизлар барибир учинчи голдан қоча олишмади: олти дақиқа ўтиб «Милан»нинг собиқ вингери Йенс Ҳеуге олис бурчак томон қайтариб бўлмас зарба йўллади.
Бироз ўтиб Райан Шерки жавоб голини урди ва ўйинга интрига қайтгандек бўлди. Аммо Родри 53 сония ичида икки бор сариқ карточка олиши барчасини чиппакка чиқарди. Испаниялик яримҳимоячи икки ҳолатда ҳам «Буде»нинг қарши ҳужумини тўхтатишга уриниб, фол ишлатди.
● «Сити» қаторасига иккинчи ўйинда ютқазмоқда: жамоа «МЮ»га қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин ҳали ўзига кела олмаган. Умуман олганда, «шаҳарликлар»да инқироз кузатилмоқда: Пеп шогирдлари барча турнирлар доирасидаги сўнгги етти ўйинда атиги икки ғалабага эришга – Англия кубогида «Эксетер»га ва Лига кубогида «Нюкасл»га қарши ўйинларда.
● Эрлинг Ҳоланд қаторасига тўртинчи ўйиндирки майдонни голсиз тарк этмоқда. Ушбу форвард 2026 йил бошидан буён атиги бир гол урди – «Брайтон»га қарши ўйинда пеналтидан урилган гол фақат дуранг ҳисобни таъминлаганди (1:1).
«Буде» бу ғалаба эвазига плей-оффга йўлланма берувчи топ-24 ўринларига яқинлашди. Норвегияликлар плей-оффга чиқиш учун сўнгги турда «Атлетико» майдонида ғалаба қозониши ва рақобатчиларнинг натижаларига қараши керак бўлади.
«Сити» ҳозирча еттинчи ўринга тушди, аммо чоршанба оқшомидаги ўйинлардан кейин кучли саккизликни тарк этиши тайин.
20 дақиқа ўтиб меҳмонлар ҳимоядаги хато учун иккинчи бор жазоланди: яна Килиан дарвоза бурчагини аниқ нишонга олди, бу сафар унга Винисиус ассистентлик қилди. Умуман олганда, бутун ҳужум чиройли амалга оширилди: Эдуардо Камавинганинг товондаги нозик ҳаракати ва Арда Гулернинг паси – топ даража.
«Монако» шундан кейингина олдинга ўтиб, жавоб ҳужумларини уюштира бошлади: латерал Жордан Тезенинг олис масофадан йўллаган зарбаси дарвоза тўсинини титартди. Аммо бундан ортиғига жамоанинг кучи етмади. Иккинчи бўлимда «Реал» тўлиқ куч билан ҳаракат қилди ва ҳисобни йирик кўринишга келтирди: 51-дақиқада Винисиус Мастантуонога ҳам голли узатма берди.
Яна беш дақиқа ўтиб бразилиялик вингернинг саъй-ҳаракатларидан кейин ҳимоячи Тило Керер ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди.
63-дақиқада эса Винисиуснинг ўзи ҳам гол урди: у рақиб жарима майдонига осонлик билан ёриб кирди ва тўққизликка кучли зарба йўллади. Аммо Чемпионлар лигаси жорий мавсумидаги биринчи голини нишонламади. У шунчаки Алваро Арбелоанинг олдига келиб, уни қучоқлаб қўйди.
«Монако» ўйин охирида Тезенинг голи билан жавоб қайтарди. Кейин эса Жуд Беллингҳэм ўйинга якуний нуқтани қўйди.
6:1 – Арбелоанинг ЕЧЛда мураббий сифатидаги дебюти аъло даражада чиқди.
● Винисиус – «Реал»нинг ЕЧЛ ўйинларидаги иккинчи энг яхши ассистентига айланди. Энди унинг ушбу турнирдаги голли узатмалари сони 29 тага етди – ва Криштиану Роналдунинг натижасига яна иккита қолди. Турнир тарихидаги энг яхши ассистент мақомигача эса яна 13 пас етарли. 25 ёшли вингер шу руҳда давом этадиган бўлса, бу довонни ҳам забт этиши тайин.
● Мбаппе ЕЧЛнинг етти ўйинида 11 гол уришга улгурди. Килиан – «Реал»нинг бир турнирда 10+ гол қайд этган тўртинчи футболчиси. Роналду етти мавсумда шундай натижа қайд этган, Раул ва Карим Бензема – биттадан.
● Мбаппе Роналдунинг ЕЧЛ гуруҳ босқичидаги голлар сони бўйича рекордини (11 гол) такрорлади.
Бу ғалабадан кейин «Реал» очколари сонини 16 тага етказиб, умумий жадвалда иккинчи ўринга кўтарилди. Жамоа бу билан амалда 1/8 финал йўлланмасини ҳал қилди.
«Интер» ва «Арсенал» сўнгги вақтларда ҳаддан ташқари ёпиқ ва прагматик футбол кўрсатишда айбланади, аммо уларнинг ўзаро учрашуви турнинг марказий тўқнашуви сифатида эътиборга молик эди. Нима бўлганда ҳам бир томонда Чемпионлар лигасининг ўтган мавсуми финалчиси ҳозирги турнирда жадвал пешқадамига қарши майдонга тушганди. Қолаверса, икки жамоа ҳам ҳозирда ўз чемпионатларида биринчи ўринда бормоқда.
Лекин бу меҳмонларга илк дақиқалардан ҳужумкор футбол намойиш этишга халал бермади. «Арсенал» футболчилари дастлабки 40 сония ичида мезбонлар дарвозасига икки бор зарба беришга улгурди. Кетма-кет ҳужумлар 10-дақиқада мантиқий гол билан якунланди: анчадан буён илк бор бошланғич таркибда тушган Жезус Тимбернинг узатмасини голга айлантирди.
Аммо мезбонлар ҳам дарҳол ҳисобни жавоб қайтаришди: майдон марказида тўп учун курашда Лаутаро ғолиб чиқди ва тезкор қарши ҳужум бошлаб берди. «Арсенал» ҳимоячилари Маркус Тюрам ва Николо Барелланинг зарбаларини блоклашди, аммо жарима майдони ташқарисига қайтиб чиққан тўпга Петар Сучич етиб келди ва дарвозани ўққа тутди. Бу «Арсенал» ЕЧЛнинг жорий мавсумида ўтказиб юборган иккинчи гол бўлди.
13 дақиқа ўтиб Жезус дублни расмийлаштирди. Бурчак зарбасидан кейин 172-сантиметрлик Леандро Троссар тўпни боши билан дарвозабон ҳудудига ташлаб берди, у ерда турган 175-сантиметрлик бразилиялик ҳужумчи бошда йўллаган зарбаси билан дарвоза тўрини ишғол этди.
Биринчи бўлимда очиқ футбол намойиш этган жамоалар жами 19 зарба йўллади ва «Арсенал»нинг зарбалари аниқроқ чиқди.
Танаффусдан кейин Троссар ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйиши мумкин эди, аммо унинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси бироз хато кетди. Кейин эса Лаутаро Мартинес ўрнига захирадан ўйинга қўшилган Франческо Эспозито икки вазиятдан фойдалана олмади.
84-дақиқада меҳмонлар ўйин масаласига нуқта қўйишди: Йокереш қарши ҳужумда ўз имкониятидан фойдаланиб, дарвоза тўққизлигини аниқ нишонга олди.
● «Арсенал» еврокубокларда илк бор қаторасига етти ўйинда ғалаба қозонди. 7 турда 7 ғалабага эришган жамоа амалда гуруҳ босқичининг 1-ўрнини кафолатлади. «Қайрат»га қарши сўнгги тур ўйинида Артета шогирдларига мағлубият ҳам бу ўринни ўзида сақлаб қолишига халал бермаслиги мумкин.
● Жамоалар ўйин давомида жами 32 зарба йўллашди, xG кўрсаткичи 1,33 га қарши 2,12 кўринишини олди.
● Жезус «Арсенал»нинг бу мавсумда бурчак зарбаларидан кейинги 19-голини урди – бу жами голларнинг қарийб тўртдан бирини ташкил этади. «Канонирлар» барча турнирлар доирасида урган жами голлар сони 80 тани ташкил этмоқда.
Куннинг яна бир сенсацияси Португалияда кузатилди. «Спортинг» бу мавсумда ўз стадионида яхши ўйнамоқда. Лиссабон клуби «ПСЖ» билан ўйинга қадар «Қайрат», «Марсел» ва «Брюгге» каби клубларга қарши учрашувларда уч ғалабага эришганди.
Даражаси бу рақибларга қараганда анча юқори бўлган парижликлар икки гол уришди, аммо ҳакамлар бригадаси Уоррен Заир-Эмери ва Усмон Дембеленинг голларини қоидабузарлик туфайли бекор қилди. Ўйиннинг ҳал қилувчи воқеалари эса иккинчи бўлимнинг иккинчи қисмида рўй берди. Аввалига Луис Суарес мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, беш дақиқа ўтиб Хвича Кварацхелия мувозанатни тиклади. 90-дақиқада эса Люк Шевале Тринкаунинг зарбасини қайтарди, аммо тўпга биринчи бўлиб етиб келган Суарес ғалаба голини урди. «ПСЖ» 2026 йилда иккинчи бор ютқазди. «Спортинг» эса умумий жадвалда ушбу рақибга очколар сони бўйича етиб олди.
«Тоттенҳэм» – Дортмунднинг «Боруссия» клуби учун анча ноқулай рақиб. Немислар клуби бунгача лондонликларга қарши ўйинларда қаторасига уч бор ютқазганди. ЕЧЛ умумий гуруҳ босқичи 7-турида эса тўртинчи мағлубият қайд этилди. Асосий воқеалар биринчи бўлимда бўлиб ўтди. Кристиан Ромеро бурчак зарбасидан кейин ҳисобни очди, 10 дақиқа ўтиб эса Даниэл Свенссон қизил карточка олиб, меҳмонларни қийин аҳволда қолдирди.
Бўлим охирида Доминик Соланке турнинг энг ғалати голига муаллифлик қилиб, ҳисобдаги фарқни оширди. «Тоттенҳэм» ҳужумчиси бу вазията бир неча уринишдан кейингина тўпга зарба бера олганди. Якунда «Тоттенҳэм» ғалабани сақлаб қолди ва умумий жадвалда «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» каби жамоаларни ортда қолдириб, 1/8 финал босқичига тўғридан тўғри йўлланма учун яхши имконият сақлаб қолди. Томас Франк эса ҳозирча ишдан бўшатилмайди.