Хитойнинг энг юқори мартабали генерали Чжан Юся мамлакатнинг ядровий қурол дастури ҳақидаги маълумотларни АҚШга сиздирганликда айбланмоқда. Бу ҳақда юқори даражадаги ёпиқ брифинг билан таниш бўлган манбасига таяниб Wall Street Journal нашри маълумот берди.
Мазкур брифинг 24 январь куни эрталаб ҳарбийларнинг энг юқори лавозимли амалдорлари иштирокида ўтказилган. Ундан сал олдин Хитой Мудофаа вазирлиги генерал Чжан Юся ва Бош штаб раҳбари Лю Чженлига нисбатан тергов бошланганини эълон қилган. Расмий баёнотда партия интизоми ва давлат қонунларини жиддий бузиш ҳолатлари тергов қилинаётгани айтилган, аммо тафсилотлар келтирилмаган.
Брифинг тафсилотларидан хабардор шахсларнинг айтишича, Чжан сиёсий гуруҳлар тузиш, яъни партия бирлигини заифлаштирувчи таъсир тармоқларини шакллантиришда, Коммунистик партиянинг энг юқори ҳарбий қарор қабул қилувчи органи бўлган Марказий ҳарбий кенгашдаги ваколатларини суиистеъмол қилишда гумон қилинмоқда.

Расмийлар, шунингдек, Чжаннинг ҳарбий техника ва қурол-яроғларни тадқиқ этиш, ишлаб чиқиш ва харид қилиш учун масъул бўлган қудратли идора устидан назоратини ҳам текширмоқда. Брифинг билан таниш манбаларга кўра, Чжан айнан ушбу миллиардлаб маблағлар айланадиган тизимда лавозим бериш эвазига улкан миқдорда пора олганликда айбланмоқда.
Манбаларнинг айтишича, ёпиқ брифингда ошкор қилинган энг шов-шувли айблов – Чжан Хитойнинг ядровий қуролларига оид асосий техник маълумотларни АҚШга узатгани ҳақидаги даъво бўлган.
Чжанга қарши айрим далиллар Хитой Миллий ядровий корпорациясининг собиқ бош директори Гу Жундан олинган. Бу давлат компанияси Хитойнинг фуқаролик ва ҳарбий ядровий дастурларининг барча жиҳатларини назорат қилади. Пекин ўтган душанба куни Гуга нисбатан ҳам партия интизоми ва давлат қонунларини жиддий бузиш гумони билан тергов бошланганини эълон қилганди.
Шанба кунги брифингда расмийлар Гуга оид тергов Чжанни Хитой ядровий секторидаги хавфсизлик бузилиши билан боғлаб қўйганини билдирган. Бироқ мазкур бузилиш тафсилотлари очиқланмаган.


















