Жаҳон | 09:41
638
3 дақиқада ўқилади

ЕИда Украина уруши қатнашчиларига визани чеклаш масаласи кўрилмоқда

Брюсселда Эстония таклиф қилган — Украинага қарши урушда қатнашган Россия фуқароларининг Европа Иттифоқига киришини тўлиқ тақиқлаш ташаббуси муҳокама қилинмоқда. Эстония ташқи ишлар вазирига кўра, Россия ҳарбийларининг кўпчилиги уруш тугаганидан сўнг Европага келишни истайди.

Фото: Pond5 Images/IMAGO

Украинага қарши урушда иштирок этган юз минглаб Россия аскарларига Европа Иттифоқи давлатларига кириш тақиқланиши мумкин. Таллинннинг шунга оид таклифи Брюсселда аллақачон кўриб чиқилмоқда, деб хабар қилди 29 январ, пайшанба куни Эстония ташқи ишлар вазири Маргус Цахкна, унинг сўзларини dpa агентлиги келтирди.

ЕИ давлатлари вакиллари учрашувида чиқиш қилар экан, Цахкна ўз қўлидаги маълумотларга таяниб, РФ Қуролли кучларининг кўплаб ҳарбийлари Украинадаги уруш тугаганидан кейин Европага келишни хоҳлашини айтди. “Бу жуда хавфли одамлар”, — дея таъкидлади Эстония вазири.

Dpa танишган таклифга илова қилинган ҳужжатларга кўра, 2022 йилдан бери Украинадаги жанг ҳаракатларида тахминан 1,5 миллион россиялик иштирок этган, уларнинг тахминан 640 минг нафари ҳозир ҳам урушда. Ҳужжатларда: “Уларнинг умумий хусусиятлари — жанг тажрибаси ва зўравонликни қўллаш, шу жумладан Украина аҳолисига қарши эҳтимолий ҳарбий жиноятлар ва бошқа ваҳшийликларда иштирок этган бўлиши мумкинлиги”, — дейилади.

Ташаббус муаллифлари огоҳлантиришича, Россия ҳарбийларининг ЕИга эҳтимолий кириши ва у ерда бўлиши “нафақат зўравонлик ҳаракатлари содир этилиши хавфи билан боғлиқ, балки уюшган жиноятчилик, экстремист гуруҳлар ва душман давлат тузилмалари бутун Европа бўйлаб мустаҳкамланиши ва тарқалиши мумкин бўлган муҳим канал” ҳам ҳисобланади. Шунингдек, айримлари жиноий ўтмишга эга бўлган уруш иштирокчилари РФ махсус хизматлари томонидан осонликча ёлланиши мумкинлиги қайд этилган.

Шу сабабли Таллинн ЕИ ва Шенген келишувига аъзо барча давлатлар Украинага қарши урушда қатнашган РФнинг барча фуқаролари учун ЕИга киришни тўлиқ тақиқлашни, шунингдек уларга виза ва яшаш рухсатномаси беришни рад этишни талаб қилмоқда.

Politico нашри номаълум ЕИ дипломатига таяниб ёзишича, Европа Иттифоқи давлатлари Эстония интилишини “маънавий жиҳатдан” қўллаб-қувватлайди, аммо кўплаб мамлакатлар учун бундай тақиқни амалга ошириш қийин бўлади. Айрим давлатларга Украинага кенг кўламли босқинда иштирок этган ҳар бир шахсни алоҳида рўйхатга киритиш ва бу қарорни тасдиқлайдиган далилларни тўплаш талаб этилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид