Россия ҳудудидаги Канада визалар марказлари 28 январ, чоршанба кунидан бошлаб визалар учун ҳужжатлар қабул қилишни тўхтатди. Бу ҳақда Канада ҳукуматининг расмий сайтида маълум қилинган.

“Россиядаги визалар марказлари очиқ қолмоқда, аммо энди визалар расмийлаштириш учун паспортлар ёки ҳужжатларни қабул қилмайди”, — дейилади хабарда. Бу қарор сабаблари изоҳланмаган. Шу билан бирга, Канада ҳукумати россияликларга кириш рухсатномасини расмийлаштириш учун Россия ташқарисидаги визалар марказларига мурожаат қилишни тавсия этмоқда.

Россиядаги Канада визалар марказлари Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Ростов-Дон ва Екатеринбург шаҳарларида фаолият юритади. Канада визасини олиш учун зарур бўлган биометрик маълумотларни (бармоқ излари ва бошқалар) топшириш имконияти ҳозирча сақланиб қолмоқда.