Жаҳон | 13:53 / 06.02.2026
1443
2 дақиқада ўқилади

Эстония Россия билан чегарадаги икки пунктда ҳаракатни чеклайди

“Лухамаа” ва “Койдула” назорат-ўтказиш пунктлари орқали тунги ҳаракат 24 февралдан уч ойга тўхтатилади. Таллин бу қарорни “Россиядан келиб чиқаётган чегара ҳодисалари” билан изоҳлади.

Фото: AP

Эстония Россия билан чегарада жойлашган “Лухамаа” ва “Койдула” назорат-ўтказиш пунктлари орқали тунги ҳаракатни уч ойга ёпади. Чекловлар 24 февралдан кучга киради, деб хабар қилди ҳукумат пайшанба, 5 феврал куни.

Таллинда тушунтиришларича, қарорга “Россиядан келиб чиқаётган чегара ҳодисалари” сабаб бўлган. Ушбу ўтказиш пунктлари энди кунига 12 соат ишлайди, тунга ёпилиши эса чегара қўриқлашга кўпроқ ресурс ажратиш имконини беради, дея билдирди Эстония ҳукумати.

Эстония бош вазири Кристен Михал Россиянинг чегарадаги айрим ҳаракатлари баъзан “иррационал” бўлишини ва бундай ҳолатларни эътиборсиз қолдириб бўлмаслигини таъкидлади. “Россия йўналишида тўлиқ божхона назорати сақланиб қолади”, — деди у. Бош вазир қўшимча қилишича, Таллин хавфсизлик эҳтиёжлари ва вазият ривожидан келиб чиқиб кейинги қарорларни қабул қилади.

Эстония ички ишлар вазири Игор Таронинг сўзларига кўра, Россия чегарачиларининг хулқ-атвори полиция ва чегара қўриқлаш департаментидан доимий равишда қўшимча ресурслар ҳамда юқори эътибор талаб қилмоқда. Унинг айтишича, чегарадан ўтишлар сони сезиларли камайган бир шароитда ўтказиш пунктларидаги юкламани қисқартириш — мантиқий қадам.

Вазир келтирган рақамларга кўра, 2018 йилда Эстониянинг шарқий чегарасини 5,3 миллион киши кесиб ўтган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич бир миллиондан сал кўпроқ даражага тушиб кетган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид