Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Метан заправка” қуришга тақиқ ва қурилишлар бўйича мижозларга қайтарилган 22 млрд сўм – маҳаллий дайжест
Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида “метан заправка” қуришга рухсат йўқлигини айтди. Рақобат қўмитаси 2025 йил давомида кўп квартирали уйлардан хонадон хариди бўйича 1700 дан ортиқ мурожаат олди, 22,1 млрд сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди. 1 апрелдан бошлаб мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлик субъектлари учун қатор имтиёзлар жорий этилади.
“Метан заправка” қуришга рухсат йўқлиги маълум бўлди
Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳукумат вакилларининг Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида “метан заправка” қуришга рухсат йўқлигини айтди.
“Ҳозир метан газ заправка қуришга рухсат йўқ. Бор метан заправкаларга булар газ етказиб бера олмаяпти. Буни тадбиркорларга айтмаганмисизлар?” деб савол берди у Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси Фарҳод Эрмановга.
Жамшид Хўжаев тадбиркорга “метан заправка” қурмаслик кераклигини таъкидлади.
“Қурганингиз билан пулингиз шундай ётади. Сизга метан бермайди. Қурилишни бошламаслик керак. Нега буни ҳокимият айтмайди?” деди у.
Қурилишлар бўйича 22 млрд сўм фуқаролар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди
Рақобат қўмитаси маълум қилишича, 2025 йил давомида кўп квартирали уйлардан хонадон хариди бўйича 1700 дан ортиқ мурожаат тушган. Уларнинг 76 фоизи ижобий ҳал этилган бўлиб, натижада 22,1 млрд сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Мурожаатларнинг асосий қисми уйларнинг таъмир сифати (42,9 фоиз) ва коммуникация тармоқлари (40,8 фоиз) билан боғлиқ бўлган. Шунингдек, 16,3 фоиз ҳолатда уйлар белгиланган муддатда топширилмаслиги бўйича эътирозлар қайд этилган. Рақобат қўмитаси фуқароларга хонадон харид қилишда шартнома шартлари билан тўлиқ танишиш, рекламада келтирилган маълумотларни эса электрон рўйхат ва “Шаффоф қурилиш” тизими орқали очиқ манбалардан текшириб кўришни тавсия қилди.
Бўш ер майдонларида ДХШ асосида боғча очишга рухсат берилади
2026 йил 1 апрелдан бошлаб мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлик субъектлари учун қатор имтиёзлар жорий этилади. Янги тартибга кўра, боғча ва мактабларнинг бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) шартлари асосида мактабгача таълим муассасалари ташкил этишга рухсат берилади.
Маълум қилинишича, “а” бандига мувофиқ, махсус боғча, мактаб ва мактаб-интернатлардан ташқари таълим муассасаларининг бўш ер майдонларида ДХШ асосида боғча ташкил этган тадбиркорлар учун 30 йил давомида ижара тўловлари ундирилмайди. Ушбу муддат тугагач, боғча давлат балансига топширилади.
Фойдаланилмаётган ўрмон ерлари ижарага берилади
Янги қонун билан давлат ўрмон хўжалиги органлари ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ерларини жисмоний ва юридик шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали ижара ҳуқуқи асосида бериш имконияти белгиланди.
Янги тартиб ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, инвестицияларни жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган. Ерлар очиқ ва шаффоф электрон савдолар орқали ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур қонун билан тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари учун лицензия (рухсатнома) амал қилишини 10 кундан ортиқ, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш мумкинлиги назарда тутилди. Илгари лицензияларнинг амал қилишини 10 иш кунидан кўп муддатга тўхтатиш белгиланган эди.
Мавзуга оид
00:37 / 22.01.2026
Инфаркт билан инсултга қарши дастур ва фирибгарлардан ҳимоя чоралари – маҳаллий дайжест
08:21 / 10.01.2026
Гулистонда суд қарорисиз бузилаётган дўконлар ва таксичилардан пул ундирган жиноий гуруҳ – маҳаллий дайжест
23:50 / 29.12.2025
Автомобилни чет элга олиб чиқиш тартибининг ўзгариши ва тиббиёт ходимларига янги имтиёз – маҳаллий дайжест
20:57 / 18.12.2025