Янги тартиб ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, инвестицияларни жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришга қаратилган. Ерлар очиқ ва шаффоф электрон савдолар орқали ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур қонун билан тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари учун лицензия (рухсатнома)ларнинг амал қилишини 10 кундан ортиқ, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш мумкинлиги назарда тутилди. Илгари лицензияларнинг амал қилишини 10 иш кунидан кўп муддатга тўхтатиш белгиланган эди.
Бундан ташқари, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахслар ихтиёрий тартибда БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаши белгиланди. Илгари ушбу миқдор БҲМнинг 50 фоизидан кам бўлмаслиги керак эди.







