Ўзбекистон | 21:55 / 12.02.2026
2049
5 дақиқада ўқилади

Ҳомийсиз қолган футбол клублари ва «Call-марказ» ниқобидаги фирибгарлар — маҳаллий дайжест

«Ўзбекнефтгаз» футбол клубларга ҳомийлик қилишни тўхтатади - «Насаф», «Бухоро» ва «Бунёдкор» молиялаштирилмайди. Уй-жой ва автомобил хариди 1 апрелдан нақд пулсиз шаклга ўтиши кутилмоқда, шу ҳақдаги низом лойиҳаси ишлаб чиқилди. Фарғонада 34 кишидан иборат «Call-марказ» ниқобидаги уюшган жиноий гуруҳ фош этилди. Тошкентда йўл қоидабузарликларига оид жарималар бўйича шикоятлар учун Call-марказ ишга тушди. Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

«Ўзбекнефтгаз» футбол клубларига ҳомийлик қилишни тўхтатади

«Ўзбекнефтгаз» АЖ футбол клубларга ҳомийлик қилишни тўхтатяпти. Компания Ўзбекистон футбол ассоциациясига (ЎФА) расмий хат юбориб, «Насаф», «Бухоро» ва «Бунёдкор» клубларини молиялаштиришни тўхтатишини маълум қилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Суперлигасининг 2025 йилги мавсумида «Насаф» учинчи, «Бунёдкор» бешинчи, «Бухоро» ўн тўртинчи ўринни эгаллаганди. Миллий чемпионатнинг янги мавсумига 15 кундан кейин, 27 феврал куни старт берилади.

Эслатиб ўтамиз, 30 январ куни президент ҳузурида «Ўзбекнефтгаз»нинг келгусидаги устувор вазифалари кўриб чиқилганди. Йиғилишда компания фаолиятида операцион самарадорликни ошириш, хусусан, соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш, ҳомийлик тўловларини тўхтатиш ҳамда харажатларни мақбуллаштириш орқали молиявий барқарорликни таъминлашга устувор аҳамият қаратилиши қайд этилганди.

Ишсизлик нафақасини тўлаш шартлари ва миқдори тушунтирилди

Қонунга мувофиқ, ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилинганидан сўнг 6 ой ичида мурожаат этилганда тайинланади. Нафақа охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади.

Тўлов миқдори қуйидагича:

▪️ 1-ойда — ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган ҳолда;

▪️ 2- ва 3-ойларда — ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, бироқ меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда.

Уй-жой ва автомобил хариди 1 апрелдан нақд пулсиз шаклга ўтиши кутилмоқда

1 апрелдан кўчмас мулк ва автомобилни нақд пулга сотиш тўхтатилиши мумкин. Бу бўйича низом лойиҳаси эълон қилинди. Қайд этилишича, кўчмас мулк объекти ва транспорт воситасини нотариал тартибда олди-сотди қилишда харидор, сотувчи ёки уларнинг вакили ўзаро келишувга эришгандан сўнг, харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон шаклдаги ариза билан мурожаат қилади.

Банк томонидан ариза асосида эскроу ҳисобварағи шартномаси тузилади ва эскроу ҳисобварағи очилади. Эскроу ҳисобварағи шартномасида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, олди-сотди шартномаси нотариал тартибда тасдиқлангандан сўнг, маблағларни сотувчининг ёки унинг вакилига топшириш, шунингдек, эскроу ҳисобварағи шартномасини бекор қилиш шартлари кўрсатилиши керак.

Фарғонада 34 кишидан иборат “Call-марказ” ниқобидаги уюшган жиноий гуруҳ фош этилди

ДХХ томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида халқаро миқёсда жуда катта миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган уюшган жиноий гуруҳ фош қилинди.

Маълум бўлишича, Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро раҳбарлик қилган, жами 34 кишидан иборат жиноий гуруҳ Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олиб, “Call-марказ” ниқоби остида фаолият юритган. Улар асосан кекса ёшдагиларга қўнғироқ қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва банк ходимлари сифатида таништириб, пул ўғирлаш билан шуғулланган.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди ҳукмига кўра, уларга турли жазо чоралари кўрилган. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши маълум қилинди.

Тошкентда йўл қоидабузарликларига оид жарималар бўйича шикоятлар учун Call-марказ ишга тушди

Марказ жисмоний ва юридик шахсларнинг йўл ҳаракати қоидабузарликлари юзасидан маъмурий ишларни кўриб чиқиш давомида ва ҳуқуқбузарликлар юзасидан шакллантирилган қарорлар устидан шикоят ҳамда таклифларини тез ҳал этиш учун мўлжалланган.

Энди фуқаролар марказга қўнғироқ қилиб, мутахассислар билан боғланиб, шакллантирилган қарорлар устидан шикоят бериши мумкин.

Шу билан бирга, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Telegram платформасидаги гуруҳига ёзиш орқали Маъмурий амалиёт маркази йўналишидаги савол ва шикоятларни йўллаш мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид