Ўзбекистон | 22:21 / 17.02.2026
833
6 дақиқада ўқилади

Педофилия учун умрбод қамоқ ва Рамазонда хайрияга 1 триллион сўм – маҳаллий дайжест

Президент томонидан тасдиқланган давлат дастурида 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш назарда тутилган. Рамазон ойидаги хайрия тадбирларига 1 триллиондан ортиқ маблағ ажратилади, улар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган. Давлатга қарашли Mobiuz алоқа оператори киберҳужумга учради, компания буни тасдиқлади, аммо мижозларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиққанини рад этди. Кун давомида Kun.uz ёритган ушбу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Педофилия учун умрбод қамоқ жазоси назарда тутилган давлат дастури тасдиқланди

Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар дастурлари ва «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» давлат дастурини тасдиқлади. Унда 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш назарда тутилган.

Давлат дастури лойиҳасига аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш, педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш, ипотека ва электромобил хариди учун кредит механизмларини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 30 фоизга етказиш, коррупцияга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, жиноят ишлари бўйича судларда халқ вакиллари ҳайъати иштирокини йўлга қўйиш каби ташаббуслар киритилган. Мазкур нормалар 2026 йил 1 апрелдан жорий этилиши белгиланган.

Рамазон ойидаги хайрия тадбирларига 1 триллион сўм ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон ойида эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» шиори остидаги комплекс чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берилди. Уларни амалга ошириш учун “Вақф” хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Ажратиладиган маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган. Президент ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилаларнинг аниқ ва шаффоф рўйхатини шакллантириш, ёрдамларни фуқароларнинг дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ва адолатли тарзда етказиш шартлигини алоҳида таъкидлади. Масъул идораларга бу борада қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Электромобил эгалари машинасини қувватлашда субсидия олади

1 майдан бошлаб, электромобилларни қувватлаш станцияларида 1 кВт⋅с электр энергияси нархининг 300 сўмдан ошган қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади. Бу президент фармони билан тасдиқланган 2026 йилги давлат дастурида кўрсатилган.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 мартдан бошлаб электромобилда такси фаолияти билан шуғулланувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар учун:

- ижтимоий солиқдан 10 фоизгача чегирма берилади;

- давлат ташкилотларига тегишли автотураргоҳлар, шу жумладан аэропорт ва вокзаллардаги автотураргоҳлардан 30 дақиқагача бепул фойдаланишга рухсат этилади;

- ҳуқуқбузарлик ва ЙТҲ содир этмасдан 1 миллион километр масофада такси хизматини кўрсатган фуқароларга «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони берилади.

Нодирбек Абдусатторов фристайл-шахмат бўйича жаҳон чемпионатида учинчи бўлди

Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов Германиянинг Вайссенхаус курортида ўтган фристайл-шахмат бўйича FIDE жаҳон чемпионатида бронза медали совриндори бўлди. У 40 минг доллар мукофот ва 2027 йилги жаҳон чемпионатига йўлланмани ҳам қўлга киритди.

Турнирда яна бир ўзбекистонлик шахматчи — Жавоҳир Синдаров ҳам иштирок этиб, саккизинчи ўринни эгаллади ва 10 минг долларга эга бўлди.

Фристайл-шахмат (Фишер шахмати) — собиқ жаҳон чемпиони Роберт Фишер таклиф қилган шахмат тури бўлиб, унда доналарнинг бошланғич жойлашуви классик вариантдан фарқ қилади ва ҳар партияда ўзгариб туради.

Биринчи миллий космонавтни қисқа муддатли парвозга тайёрлаш таклиф қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев биринчи ўзбек космонавтини тайёрлаш бўйича дастлабки ишлар тақдимоти билан танишди. Йиғилишда таъкидланишича, давлат раҳбари ташаббуси билан биринчи миллий космонавтни тайёрлаш ва уни фазога учириш стратегик вазифа сифатида белгиланган.

Миллий фазогирни қисқа муддатга – 10-14 кунлик парвозга тайёрлаш таклиф қилинди, бундай парвозларни ташкил этиш бўйича халқаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Космонавтни фазога учириш аниқ илмий дастурни амалга ошириш билан узвий боғланган бўлиши зарурлиги қайд этилди. Зеро, бу ютуқ мамлакатимизнинг халқаро нуфузини ошириши билан бирга илмий салоҳиятни ривожлантириш, янги лойиҳа ва технологик ташаббусларнинг пайдо бўлиши, ёшларнинг фан ва технологияларга қизиқиши ортишига хизмат қилиши керак.

MobiUz киберҳужумга учрагани маълум бўлди

Давлатга қарашли Mobiuz алоқа оператори киберҳужумга учрагани ҳақида хорижий ресурсларда хабар тарқалиши ортидан, компания киберҳужум бўлганини тасдиқлади, аммо мижозларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиққанини рад этди.

Mobiuz'га кўра, ҳакерлар синов серверини бузиб киришга муваффақ бўлган, лекин абонентларнинг маълумотлари сақланадиган асосий серверга киролмаган.

Компания масъул органлар билан ҳамкорликда ҳодисани батафсил текшираётгани, ахборот тизимлари ҳимоясини кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўраётганини билдирди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид