Республиканинг деярли барча ҳудудларида давлат мактабгача таълим ташкилотларини озиқ-овқат билан таъминлаш аутсорсинг фирмаларга тақсимланмоқда. Хўш, тендерлар қандай ўтди, уни ютганлар ва ютолмаганлар нима дейишмоқда? Kun.uz суриштирувида шу ҳақда сўз боради.

Ҳукуматнинг шу йил январдаги 1-сон қарори асосида давлат боғчалари аутсорсинг асосида овқатлантирилиши тартиби белгиланди. Янги тартиб билан август ойида жойларда тендерлар ўтказилди.

Иштирокчилар иш тажрибаси, молиявий қарздорликлари, инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида бор ёки йўқлиги, техник топшириқ ва тендер ҳужжатлари талабларига мослигига қараб танланади.

Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек, қонун асосида, шаффоф ва тўғри ўтгандек кўриниши мумкин. Аммо мана шу тендерда қатнашган тадбиркорлардан бири айрим вилоятларда яширин ишлар бўлаётганини иддао қилмоқда. Kun.uz ихтиёрига келиб тушган аудиода тендерлар коррупцион элементларнинг эҳтимолий аралашуви билан ўтганига ишора беради.

Тендер шартлари бузилганми?

Яқинда Самарқанднинг давлат боғчаларига музлатилган ва сифати бузилган гўшт маҳсулотлари тарқатилгани маълум бўлганди. Таҳририят мухбири вазиятни ўрганиш чоғида болаларга музлатилган гўшт бериш мумкин эмаслигини, бу амалдаги Санпин қоидаларига зид эканини аниқлаганди.

Қолаверса, таъминотчи корхона (аутсорсинг) вакили мудирага босим қилиб, “керак бўлса бошқа нарса ҳам берасиз”, дегани ҳам кузатилган.

2021 йилдан бери 20 та боғчага аутсорсинг хизматини кўрсатиб келган ва шахси сир қолиши шарти билан интервю берган фуқарога кўра, республиканинг деярли барча ҳудудларида аутсорсерларга шундай ишлаш топшириғи берилган.

Суҳбатдошимиз бу йил август ойида ўтган тендерда ғолиб чиқа олмаганини айтаркан, қоидалар танлов жараёнидаёқ бузилганини билдирди.

Тендер талаби бўйича биз 100 фоиз ҳамма ҳужжатни қилиб топширганмиз. “Залоговий” суммаси ва ичида сўрайдиган [ҳужжатлари бор]. Тендерга қатнашадиган иштирокчига қўйилган талабда аутсорсингда ишлаган бўлиши керак, деган жойлари бор. Чунки бизнинг фирмамиз ишлаб турган. Ишлаб турган жойимиздан биз киряпмиз. Лекин бизга нол балл бериб, чиқариб юборяпти. Нима асос? Биз бу бўйича мурожаат қилдик, ҳеч ким жавоб ҳам бергани йўқ.