Ўзбекистон | 19:53
1372
4 дақиқада ўқилади

Умра дастурларининг вақтинча тўхтатилиши ва Тошкентда тирбандликни камайтириш учун “Долзарб 90 кун” – маҳаллий дайжест

Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашгани туфайли Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонликларни эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. Умра дастури бўйича Саудия Арабистонига зиёратчиларни олиб бориш вақтинча тўхтатилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўл ҳаракати ҳолатини яхшилашга қаратилган “Долзарб 90 кунлик” ташаббусини эълон қилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолиси учун табиий газ истеъмоли бўйича имтиёз узайтирилди.

Қорақалпоғистонни ривожлантириш дастурлари тасдиқланди

Президентнинг “Қорақалпоғистон Республикасини 2026 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва келгуси йиллар учун мўлжалланган дастурларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, ҳудуд иқтисодиёти ўсиши, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш ҳамда 2030 йилгача экспорт ва инвестиция лойиҳаларини кенгайтириш бўйича асосий мақсадлар белгиланди.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистонни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида қатор кўрсаткичларга эришиш вазифаси қўйилди.

ТИВ Яқин Шарқ бўйича сафарларни вақтинча кечиктиришни тавсия қилди

Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашгани туфайли Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбекистонликларни сафарларни режалаштиришда эҳтиёт чораларини кўриш ва расмий манбалар орқали эълон қилинаётган тавсияларга амал қилишга чақирди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ватандошларни ҳушёрликка чақириб, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш ва зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик бўйича шошилинч тавсиялар билан чиқди. Дипломатик ваколатхона хотиржамликни сақлаш муҳимлигини таъкидлаб, вазият барқарорлашгунга қадар Исроил ҳудудини вақтинча тарк этишни тавсия этган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон авиация расмийларининг кўрсатмасига биноан Умра дастури бўйича Саудия Арабистонига зиёратчиларни олиб бориш вақтинча тўхтатилди. Шу муносабат билан Жидда—Тошкент йўналишида Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш учун махсус репатриация рейслари ташкил этиладиган бўлди.

Тошкентда тирбандликни камайтириш учун “Долзарб 90 кунлик” бошланади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги йўл ҳаракати ҳолатини яхшилашга қаратилган “Долзарб 90 кунлик” ташаббусини эълон қилди. Дастур доирасида пойтахтда энг тирбанд ҳисобланган 472 км автомобил йўллари аниқланиб, бир қатор устувор йўналишларда ишлар бошланади.

Ташаббус доирасида қуйидаги йўналишларга устувор аҳамият берилади:

- йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;

- жамоат транспортига устуворлик бериш ва тегишли инфратузилмани яратиш;

- кўча-йўл тармоғи бўйлаб реклама конструкциялари ва бошқа ташувчиларни ўрнатишни тартибга солиш ҳамда назорат қилиш ва бошқалар.

Қорақалпоғистон ва Хоразмда табиий газ учун иситиш мавсуми базавий меъёри 15 мартгача узайтирилди

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолиси учун табиий газ истеъмоли бўйича иситиш мавсумида амал қилувчи 500 куб метрлик базавий меъёр 2026 йилнинг 15 март санасига қадар узайтирилди.

Энергетика соҳаси мутасаддилари маълум қилишича, ушбу қарор об-ҳаво прогнозлари асосида қабул қилинган. Унга кўра, март ойининг дастлабки ўн беш кунида мазкур ҳудудларда ҳаво ҳароратининг меъёрдан паст бўлиши кутилаётгани қайд этилган.

Ўзбекистонлик боксчилар “Странжа-2026” мусобақасида 7 та олтин медални қўлга киритди

Болгария пойтахти София шаҳрида бокс бўйича анъанавий ва нуфузли “Странжа” турнири якунланди. Мусобақанинг финал баҳсларида ўзбекистонлик 11 нафар боксчи рингга чиқди. Якунда улардан 7 нафари ғалаба қозониб, олтин медалга сазовор бўлди. 4 нафари мусобақани кумуш, 6 нафари эса бронза медали билан якунлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид