Тошкентда 15 ёшли ўсмир қимматбаҳо автомобилда йўл ҳаракат хавфсизлиги хизмати инспекторини уриб кетди. Ходим вафот этди. Жиноят қонунчилигига кўра ҳам 16 ёшга тўлмаган шахсни йўл транспорт ҳодисаси содир этгани учун жавобгарликка тортиб бўлмайди. Агар «автомобилни олиб қочиш» ва «қасддан баданга оғир шикаст етказиш» айбловлари қўйилмаганида 15 ёшли Дониёр Турғунов жазосиз қолармиди? Нега вояга етмаганларнинг қонунларни менсимаслиги ва бу беписандлигини тармоқларда кўз-кўз қилиш ҳоллари авж олди? Kun.uz шу каби саволларни экспертлар иштирокида муҳокама қилди.

Февралнинг сўнгги кунлари тармоқларда муҳокама қилинган 2 та ҳолат жамоатчиликнинг катта эътирозларига сабаб бўлди. Биринчиси BМW M4 русумли қимматбаҳо машинада ЙПХ ходимини уриб кетиб, ўлимига сабабчи бўлган вояга етмаган бола Дониёр Турғунов бўлса, иккинчиси таниш-билишчилик билан 15 суткадан қутулиб, “атиги 10 та минималка” тўлаган ва буни очиқчасига омма олдида мақтанган Асадбек Жумаев эди.

Фаоллар бу иккала ҳолатда ҳам тизимнинг катта айби борлигини айтиб келишаётганди. Хўш, тизимдаги илдиз муаммолар нималар? Қонунсизлик бора-бора жазодан қўрқмасликни юзага келтирдими? Kun.uz шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ва адвокат, ҳуқуқшунос Абдумалик Абдуллаев билан суҳбат уюштирди. Қуйида интервюнинг айрим муҳим қисмлари шарҳланади.

Давлат ўзининг давлатчилигини қилиши керак” – инсон ҳуқуқлари фаоли

Абдураҳмон Ташанов юқоридаги воқеага муносабатини билдираркан, қонунлар ишламаган жамият ва давлатда ижтимоий статуси юқори кимсаларни жазолаш механизми ишламаслиги ҳақида гапирди.

Иккала ҳолатда ҳам қоидабузарлар ижтимоий мавқеи билан боғлиқ, яъни булар ўзларини элита деб ҳисоблайдиган, шаҳар марказида яшайдиган ва кечалари мунтазам машина пойгаларини ноқонуний ташкил қилиш билан [банд] одамлар. Энди бу ерда фақат уларнинг ўзини айблаш эмас, жиноят ёки қоидабузарликлар рўй берган муҳитни ҳам таҳлил қилиш керак бўлади. Чунки Ички ишлар вазирлигининг ўзи кўп марта гапирди, ўша бола, 10-синф ўқувчиси жуда кўп қоидабузарликлар билан тушган экан. Демак, ҳар битта тушганида қанақадир бир жазоланишнинг ўрнига бир рағбат билан чиқиб кетганки, боланинг кўнглида шунақа ишонч пайдо бўлган.