Иқтисодиёт | 15:41 / 09.03.2026
2979
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўтган ойда қайси сабзавот ва мевалар қимматлади?

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил феврал ойида мамлакатда инфляция даражаси 0,6 фоизни ташкил этди. Бу даврда айрим мева ва сабзавотлар нархида ўсиш кузатилган бўлса, бошқаларида пасайиш қайд этилди.

Статистикага кўра, феврал ойида энг катта нарх ўсиши помидорда кузатилди. Унинг нархи ой давомида 12,1 фоизга ошди. Бироқ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан помидор нархи 12,5 фоизга арзон бўлиб қолган.

Шунингдек, қовоқ нархи 11,7 фоизга ошган. Бироқ 2025 йил феврал ойи билан солиштирилганда, ушбу маҳсулот нархи 57,1 фоизга арзонлигича қолмоқда.

Картошка нархи ой давомида 5,0 фоизга ошган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,0 фоизга юқори. Булғор қалампири нархи 4,2 фоизга, олма 4,1 фоизга, лимон 3,6 фоизга ва банан 3,0 фоизга қимматлаган.

Шу билан бирга, сабзи ва карам нархи ҳам 1,8 фоизга ошгани қайд этилди. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, сабзи нархи 8,8 фоизга, карам нархи эса 10,6 фоизга юқори.

Айни пайтда айрим маҳсулотлар нархида пасайиш ҳам кузатилди. Хусусан, бодринг нархи феврал ойида 13,8 фоизга арзонлашган. Бироқ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан у 13,0 фоизга паст.

Мандарин нархи 5,6 фоизга, апелсин 5,4 фоизга ва лавлаги 1,7 фоизга арзонлаган. Пиёз нархи ҳам ой давомида 0,9 фоизга камайган бўлиб, ўтган йилнинг феврал ойига нисбатан 3,0 фоизга паст экани қайд этилди.

Мутахассислар таъкидлашича, мева-сабзавот нархларидаги бундай ўзгаришлар мавсумий омиллар, ички бозордаги талаб ва таклиф ҳамда маҳсулот етиштириш ҳажми билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид