Йиғилишда 2026 йилда иқтисодиёт тармоқларида янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан саноатда 8,6 фоизлик ўсишни таъминлаш, 3,5 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 727 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилгани қайд этилди. Натижада вилоят иқтисодиёти 8,2 фоизга, хизматлар 15,9 фоизга, қурилиш 13,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,8 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Саноатда 1,7 миллиард долларлик 195 та лойиҳани ишга тушириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳамда микросаноат марказлари ташкил этиш орқали тармоқларда юқори ўсиш суръатларини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Вилоятда қатор йирик саноат лойиҳаларини амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берилди. Жумладан, мато, кийим-кечак ва гигиеник воситалар, қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналари, электр автомобиллари учун қувватлаш станциялари, фиброцементли панеллар ва девор плиталарини ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Муборак махсус инновацион саноат зонаси ва Қарши яшил технологиялар саноат зонасини ташкил этиб, 2026-2027 йилларда уларда 1,1 миллиард доллардан зиёд бўлган 36 та лойиҳани амалга ошириш ва 6 мингга яқин янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Янги ёндашувлар асосида маҳаллаларни чуқур ва ўрта ихтисослаштириш, имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш ҳисобига камбағалликни қисқартириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Хусусан, маҳаллаларда 820 миллиард сўмлик кредитлар, 52,3 миллиард сўмлик ссуда ва субсидиялар ажратиш, ўзини ўзи банд қилганларни қўллаб-қувватлаш орқали 48 мингта тадбиркорлик субъекти ташкил этилади, 31 мингта микролойиҳа амалга оширилади.
Натижада 2026 йил якунига қадар ишсизликни 3,2 фоизга, камбағалликни 3 фоизга тушириш, бунда Ғузор, Қамаши, Кўкдала, Миришкор, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларини камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган.
Дунёда гўшт нархлари ошиб бораётган ҳозирги шароитда вилоятда чорвачилик ва озуқа базасини мустаҳкамлаш, яйлов ерларидан унумли фойдаланиш бўйича янги тизим жорий этилаётгани таъкидланди.
Бунда 2030 йилгача 200 минг гектар, шу жумладан, 2026 йилда 15 минг гектар ерни ўзлаштириш, инфратузилма билан таъминлаш орқали озуқа экинлари, картошка, сабзавот, дуккакли ва мойли ўсимликлар етиштириш ҳажмларини ошириш вазифаси қўйилди.
Жорий йилда ғалла ҳосилдорлигини ўртача 84,8 центнерга, пахта ҳосилдорлигини 47,5 центнерга, картошка ҳосилдорлигини 175 центнергача ошириш режалаштирилган. Шунингдек, 48 та ғалла комбайни, 272 та чигит экиш сеялкасини харид қилиш, сув тежовчи технологиялар ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига қишлоқ хўжалигида даромадни 20-35 фоизга ошириш имкони мавжудлиги кўрсатилди.

















