Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда ўпирилган йўл ўтказгич ва йўл безориларига қарши рейдлар – маҳаллий дайжест
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида 2024 йилда қайта қурилган «Буюк Турон» кўпригига олиб чиқувчи йўлнинг бир қисми ўпирилди. Коммунал тармоқларга ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Республика бўйлаб ўтказилаётган рейдларда юзлаб ҳайдовчиларга маъмурий чоралар кўрилди. Куннинг шу ва бошқа муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Тошкентда йўл ўтказгич ўпирилди
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида 2024 йилда қайта қурилган «Буюк Турон» кўпригига олиб чиқувчи йўлнинг бир қисми ўпирилди. Бошқа томонида ёриқлар ҳам бор: бу ўпирилишдан олдинги аломатлар бўлиши мумкин.
«Буюк Турон» кўприги Темур Малик кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида 128,6 млрд сўмга қайта қурилган бўлиб, 2024 йил август ойида фойдаланишга топширилган эди.
Айни пайтдаги маълумотларга кўра, ҳодисада жабрланганлар йўқ. Тошкент шаҳар ҳокимлиги воқеа жойига зудлик билан авария хизматлари, техник мутахассислар ва масъул ташкилотлар вакиллари юборилгани, ҳудуд ўраб олинганини билдирди.
Электр ва газга ноқонуний уланганлик учун жавобгарлик кучайтирилди
Ўзбекистонда электр, иссиқлик, газ ва водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан ноқонуний фойдаланганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик кучайтирилди, жарималар миқдори оширилди.
Энди бундай ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга БҲМ 15 бараваридан 20 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 25 бараваридан 30 бараваригача жарима қўлланади. Илгари эса жарима миқдори фуқаролар учун 10–15 баравар, мансабдор шахслар учун 20–25 баравар этиб белгиланган эди.
Шунингдек, электр, иссиқлик, газ ёки ичимлик сув тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш учун жарима миқдори БҲМ 15 бараваридан 25 бараваригача этиб белгиланди ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланиши мумкин. Қонун 3 ойдан кейин кучга киради.
Йўл безорилигига қарши рейдларда юзлаб ҳайдовчиларга чора кўрилди
Республика бўйлаб йўл безорилиги ва қўпол қоидабузарликларни бартараф этиш мақсадида ўтказилаётган кучайтирилган рейдлар давомида юзлаб ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг махсус гуруҳлари томонидан 10 кун давомида олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, хавфли ва агрессив тарзда автомобил бошқараётган 31 нафар ҳайдовчи аниқланган, шунингдек улар тўпланадиган 33 та кўча ва жой белгиланган. Интернет тармоқларида эса йўл безорилиги ҳолатларини акс эттирувчи 391 та видеоролик аниқланган. 338 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, 296 та автомобил эса жарима майдончасига жойлаштирилган. Шунингдек, хавфли ҳайдовчилик ва ноқонуний пойгаларни тарғиб қилувчи 19 та аккаунт фаолияти тўхтатилган.
Тошкентнинг умумий қиёфасини шакллантиришга қаратилган дизайн-код тасдиқланди
Тошкент шаҳрининг ягона қиёфасини шакллантириш ва жамоат жойларини ривожлантиришга қаратилган дизайн-код халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланди.
Дизайн-код 2025 йил декабрида Тошкент Инвест компанияси буюртмасига кўра, Citymakers International томонидан ишлаб чиқилганди. Ҳужжатда пойтахт ҳокимиятининг таклифлари ҳам инобатга олингани айтилмоқда.
Энди ягона дизайн-код билан жамоат жойларини режалаштириш, шаҳар дизайни элементларини жойлаштириш, тижорат объектларини безаш ҳамда шаҳарнинг визуал идентификациясига оид қоидалар белгиланади.
Қўқонлик «табиб» Озарбойжондаги клиникада қўлга олинди
Қўқонлик Иқбол Солиев Озарбойжон пойтахти Бокудаги хусусий клиникалардан бирида қўлга олинди. Унинг «биоэнергия» орқали даволаш сеансини ўтказишга уриниши клиника олдида тўпланган одамлар сабаб полиция аралашуви билан якунланган.
Маълум қилинишича, ҳодиса Бокуда жойлашган Bİ ES VİP эстетик клиникасида содир бўлган. Солиевнинг қабул ўтказиши ҳақида хабар тарқалгач, бино олдига сеансга кириш истагида бўлган кўплаб одамлар тўпланган. Оқибатда катта навбат ва тартибсизлик юзага келган.
Озарбойжон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, оммавий тўпланиш ва таклиф этилаётган хизматлар хусусияти ҳуқуқ-тартибот идораларининг эътиборини тортган. Шундан сўнг Иқбол Солиев ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ушланган.
Мавзуга оид
20:51 / 11.03.2026
Умра сафарларининг тикланиши ва «Ташаббусли бюджет»даги ғирромлик – маҳаллий дайжест
22:23 / 10.03.2026
5 кишини ўлдирган авария ва фош этилган жиноий гуруҳлар – маҳаллий дайжест
20:20 / 05.03.2026
Камбағалликнинг янги чегараси ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилганларга қарши «ов» - маҳаллий дайжест
21:22 / 04.03.2026