Ўзбекистон | 13:59
1314
3 дақиқада ўқилади

Пойтахтнинг умумий қиёфасини яратишга қаратилган шаҳар дизайн-коди расман тасдиқланди

Дизайн-код ўтган йил декабрда Citymakers International томонидан ишлаб чиқилганди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши уни расман тасдиқлашга оид қарорни қабул қилди. Эндиликда ҳужжат билан шаҳарнинг визуал идентификациясига оид қоидалар белгиланади. Яъни пойтахтнинг ташқи кўриниши дизайн-кодга мувофиқ ўзгартирилади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳрининг ягона қиёфасини яратиш ва жамоат жойларини ривожлантиришга қаратилган дизайн-код халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан расман тасдиқланди. Бу ҳақда Урбанизация ва уй-жой бозори миллий қўмитаси хабар берди.

Дизайн-код 2025 йил декабрида Тошкент Инвест компанияси буюртмасига кўра, Citymakers International томонидан ишлаб чиқилганди. Ҳужжатда пойтахт ҳокимиятининг таклифлари ҳам инобатга олингани айтилмоқда.

Маълумот учун, Citymakers International – шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш жараёнини кузатиб бориш билан шуғулланувчи таҳлилий ва лойиҳа маркази ҳисобланади. Компания Москва шаҳридаги Заряде Парк лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этган. Бу парк замонавий архитектуранинг катта ютуғи ва Россия ҳамда унинг пойтахтининг янги рамзи деб аталади.

Эндиликда ягона дизайн-код билан жамоат жойларини режалаштириш, шаҳар дизайни элементларини жойлаштириш, тижорат объектларини безаш ҳамда шаҳарнинг визуал идентификациясига оид қоидалар белгиланади.

Унда дизайн элементлари каталоглари, туристик ва гастрономик кўчалар рўйхати, шунингдек, ободонлаштириш ва санитария тозалиги учун эксплуатация йиғими миқдори ҳам киритилган.

Дизайн-кодини тартибга солишнинг асосий йўналишлари:

  • бинолар архитектураси: материаллар, ранг ечимлари, фактуралар, фасадлар, витриналар ва кириш қисмларини безаш;
  • пешлавҳалар ва реклама: ўлчамлари, шрифтлари, ёритилиши ва рухсат этилган жойлашуви;
  • ободонлаштириш: тротуарлар, кўча ёриткичлари, ўриндиқлар, чиқинди қутилари, кўкаламзорлаштириш элементлари;
  • кўча элементлари: тўсиқлар, йўл кўрсаткичлари, жамоат транспорти бекатлари, кичик меъморий шакллар;
  • тарихий муҳит: ёдгорликлар ва тарихий ҳудудларнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш чора-тадбирлари.

Ҳужжатга кўра, пойтахтдаги туман ҳокимликлари икки ой ичида бош архитекторлар назорати остида жамоат жойлари чегаралари схемаларини ишлаб чиқиши керак.

Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши мавсумий савдо, хизмат кўрсатиш объектлари ва қурилиш-монтаж ишларини лойиҳалаштиришда дизайн-код талабларига риоя этилишини назорат қилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қурилиш, таъмирлаш ва реконструкцияга рухсат беришда, шунингдек йўллар, пиёдалар йўлакчалари ва бошқа инфратузилма элементлари билан боғлиқ ишлар амалга оширилганда ушбу қоидаларга риоя этилишини таъминлайди.

Тўрт ой ичида пойтахт ҳокимияти жамоат жойларида манзил кўрсаткичлари ва навигация элементларини тасдиқланган стандартлар асосида ўрнатиш ва алмаштириш дастурини ишлаб чиқади.

Шу билан бирга, дизайн-код талаблари капитал қурилишга оид шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига интеграция қилинади.

Бино ташқи кўринишини ўзгартириш, реконструкция қилиш, енгил конструкциялар ўрнатиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, реклама элементларини жойлаштириш, шунингдек муҳандислик тармоқлари ва транспорт инфратузилмасини лойиҳалаштириш ҳамда модернизация қилишда дизайн-код талабларига риоя қилиш ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий бўлади. Кенгаш қарори расман эълон қилинганидан уч ой ўтгач — кучга киради.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид