Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Куба АҚШ билан музокаралар олиб бораётганини расман тан олди
Куба президенти Мигел Диас-Канел Доналд Трамп маъмурияти билан музокаралар бошланганини маълум қилди. Шу билан бир вақтда Куба ҳокимияти 51 нафар маҳкум озод этилишини ҳам эълон қилди.
Фото: Cuba TV/AFP
Куба президенти Мигел Диас-Канел 13 март, чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида илк бор АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти билан музокаралар бўлаётганини расман тасдиқлади. Кубанинг Cubadebate нашри келтиришича, у шундай деган: “Бу музокаралар икки мамлакатимиз ўртасидаги икки томонлама келишмовчиликларга мулоқот орқали ечим топишга қаратилган эди”.
Диас-Канел аниқлик киритишича, бу алоқаларнинг мақсади — “ҳар икки томоннинг икки мамлакат халқи манфаати йўлида аниқ қадамлар ташлашга тайёрлигини баҳолаш”, шунингдек, “таҳдидларга қарши туриш ҳамда икки мамлакатда хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш учун эҳтимолий ҳамкорлик соҳаларини белгилаш”дан иборат.
Куба етакчисининг қўшимча қилишича, музокаралар масаласи “ечим топиш ва ўзаро тушуниш учун макон яратиш мақсадида улкан саъй-ҳаракатларни талаб қилади, бу эса олға силжиш ва қарама-қаршиликдан қочиш имконини беради”.
Бу — Ҳавана оғир энергетик инқироз шароитида мазкур алоқаларни илк бор расман тан олиши бўлди.
Президент чиқишидан бир неча соат олдин Куба Ташқи ишлар вазирлиги Ватикан воситачилигида ҳокимият 51 нафар маҳкумни озод қилишини маълум қилди. Уларнинг оддий жиноятчилар ёки сиёсий маҳкумлар эканига аниқлик киритилмади.
Кубадаги иқтисодий ва энергетик инқироз АҚШ томонидан нефт етказиб беришга қўйилган блокада туфайли янада кескинлашди. Кубанинг энг муҳим нефт етказиб берувчиси ва энг яқин иттифоқчиси бўлган Венесуэлага қарши АҚШ ҳужуми ва унинг раҳбари Николас Мадуро қўлга олинганидан кейин Каракас кубаликларга нефт етказиб беришни тўхтатди.
Январ ойи охирида Доналд Трамп Кубани “АҚШ миллий хавфсизлиги учун алоҳида таҳдид” деб атади ва Ҳаванага нефт ёки нефт маҳсулотлари етказиб беришда давом этадиган барча давлатларга жарима божлари жорий этиш билан таҳдид қилди.
Куба президенти феврал ойи бошида бу чораларни “жиноий ва геноцид содир этишга қаратилган” деб қоралаган эди. Бироқ кейинроқ Ҳавана Вашингтон билан “ҳеч қандай дастлабки шартларсиз” музокара олиб боришга тайёр эканини билдирди.
Мавзуга оид
13:27
Трамп Путиннинг Эрондан уранни Россияга олиб чиқиш ҳақидаги ғоясини рад этди
12:25
Дўстликдан душманликкача – АҚШ ва Исроил Эронга неча марта ҳаво ҳужумларини амалга оширган?
11:10
Эрон АҚШга минтақадаги нефт-газ объектларига ҳужум билан таҳдид қилди
10:06