Амалда аҳоли қўлидаги маблағларнинг салмоқли қисми ҳали ҳам расмий молиявий тизимдан четда қолмоқда. Бу ҳолатни Марказий банкнинг 2025 йилда 1200 нафар респондент иштирокида ўтказилган миллий сўрови ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, аҳолининг қарийб 50 фоизи жамғармасини банкда эмас, балки уйида ёки ҳамёнида нақд шаклда сақлашини айтган. Атиги 7 фоиз аҳоли маблағини расмий жамғарма воситалари орқали сақлаётганини билдирган. Яна қарийб 8 фоиз респондент маблағини чорва, мол-мулк ёки бошқа усулларда сақлаётгани, тахминан 7 фоизи эса норасмий жамғарма гуруҳларида пул жамғариши қайд этилган.

Бу рақамлар иқтисодиётда ишлаши мумкин бўлган сезиларли ички молиявий ресурс ҳали тўлиқ банк ва молия тизими орқали иқтисодий айланмага жалб этилмаганини кўрсатади.

Масала фақат одамлар пулни қаерда сақлаётганида эмас, асосий савол – нега ватандошларнинг ярми амалдаги молиявий воситаларни ўзига мос деб билмаётганида.

Кимдир маблағини тез ишлатиш учун нақд сақлайди, кимдир расмий молиявий маҳсулотларга ишонмайди, яна кимдир пули аниқ актив, реал товар ёки тушунарли лойиҳа билан боғланган ҳолда ишлатилишини афзал кўради. Демак, бу ерда гап фақат молиявий одатларда эмас, балки бозорда ишончли, содда ва эҳтиёжга мос воситалар етарли эмаслигида.

Пулни уйда сақлаш кам ҳолатларда иқтисодий жиҳатдан самарали. Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил декабр якунида йиллик инфляция 7,3 фоизни ташкил қилган. Йил бошида 1 доллар 12 904,91 сўм бўлган бўлса, йил охирида 12 025,33 сўмни ташкил этган. Бу рақамлар – “маблағни пассив ҳолда сақлаб туриш фойдалими?” деган саволга жавоб.

Молиявий бозорда танлов ва эҳтиёжга мос ечимлар етарли бўлмагани аҳоли жамғармаларининг ишламай ётишига, қийматини йўқотишига сабаб бўляпти.

Бу жойда исломий молия ҳақида сўз очиш ўринли бўлади.

Исломий молияга фақат диний ёки тор ихтисослашган молиявий йўналиш сифатида эмас, балки иқтисодиётга кирмай турган маблағни расмий ва ишончли механизмлар орқали айланмага жалб қилиш воситаси, бозорда ҳозирча тўлиқ қамраб олинмаган талабга жавоб бериш воситаси сифатида қараш керак.

Агар турли эҳтиёж ва қарашларга мос молиявий воситалар бўлса, иқтисодиёт ҳам кенгроқ қатламни фаолликка жалб қила олади.

Бундай қўшимча молиявий йўналишга Ўзбекистонда реал иқтисодий эҳтиёж борми? Бор. Жаҳон банкининг 2025 йил декабр ойидаги расмий маълумотига кўра, Ўзбекистонда микро, кичик ва ўрта бизнес жами тадбиркорлик субъектларининг 90 фоизидан ортиғини ташкил қилади, умумий бандликнинг 75 фоизини таъминлайди ва ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 55 фоизини яратади. Бироқ айнан шу сегмент капиталга чиқишда жиддий тўсиқларга дуч келмоқда: микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг учдан биридан кўпроғида банк ҳисобварағи йўқ, савдоларнинг 30 фоизидан ками электрон шаклда амалга оширилади, кредитдан фойдаланиш даражаси эса ҳали ҳам пастлигича қолмоқда.