Тошкентда ўтказилаётган Silk Road Finance and Texnology халқаро форуми доирасида исломий молия учун ҳуқуқий ва институционал имкониятларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда. Kun.uz мухбири Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров билан шу ҳақда суҳбатлашди.
“Ҳозирда анъанавий банк маҳсулотларига муқобил равишда исломий молия хизматлари ҳам кириб келмоқда. Агар тарихга назар ташласак, кўп тўсиқлар илгари мавжуд эди: қонунчилик йўқ эди, аниқ механизмлар шаклланмаган эди. Яқинда ислом молиясини жорий қилиш бўйича қонун қабул қилинди. Дастлаб исломий молиялаштириш хизматларини кўрсатиш микромолия ташкилотларига рухсат берилган эди, энди эса исломий банк фаолиятига ҳам қонун билан рухсат берилди.
Энди, шу қонун доирасида қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Яқинда исломий банкларни лицензиялаш бўйича тартибни эълон қилдик. Икки хил лицензия бўлади. Биринчиси, тўлақонли исломий молия хизматларини кўрсатадиган исломий банк учун. Иккинчиси эса анъанавий банк таркибида исломий банк хизматларини кўрсатадиган дарча очиш имконини беради. Яъни икки хил лицензиялаш механизми жорий қилинди.
Лицензия олиб тизимга киргандан кейин уларнинг жорий фаолиятини назорат қилиш бўйича тартибларни ҳам ишлаб чиқяпмиз. Буни ҳам яқинда эълон қиламиз.
Бундан ташқари, қонун билан икки босқичли исломий молия кенгашлари жорий қилинди. Биринчиси – Марказий банк ҳузуридаги Исломий молия кенгаши. Кейинги босқичда исломий молия хизматларини кўрсатувчи банкларнинг ўзида алоҳида исломий молия кенгашлари бўлади. У банк фаолиятининг исломий молия стандартларига жавоб беришини кузатиб борадиган ва таъминлайдиган орган ҳисобланади. Бунинг ҳуқуқий асосларини яратдик.
Энди, исломий молия тизими жорий этилгач, унинг ривожланиши бўйича ҳам иш олиб борамиз. Исломий молия муқобил молиявий инструмент бўлганлиги учун ҳар бир инструмент бўйича тегишли стандартлар жорий қилинади. Муробаҳа бўладими, ижара бўладими, истисно бўладими — ҳар бир инструмент учун алоҳида стандарт жорий қиламиз. Бу нафақат банклар, балки истеъмолчилар учун ҳам хизматларни тушунарли қилишга хизмат қилади”, дейди Санжар Носиров.
Унинг сўзларига кўра, аҳоли ҳозирда рақамли банк хизматларидан қанчалик қулай фойдаланаётган бўлса, исломий молия хизматларидан ҳам ана шундай рақамли форматда – мобил иловалар орқали осон тарзда фойдаланиши имконияти таъминланади.
“Масалан, муробаҳа бўладими ёки бошқа хизматларми, омонат қабул қилишми — буларнинг барчасини рақамли йўллар, онлайн платформалар орқали амалга ошириш мумкин. Бу хизматлар анъанавий банк хизматлари билан рақобат қилади. Рақобат натижасида исломий молия хизматлари ҳам қўлимиздаги телефонга келиши керакки, улар тенг шароитда рақобат қила олсин. Шунинг учун бутун дунёда ҳам сўнгги пайтларда “digital Islamic finance” — рақамли исломий молия ғоялари кўпроқ янграмоқда. Мақсад — хизматларни тенг шароитлар асосида тақдим этиш”, – деди МБ раиси ўринбосари.
Ўзбекистон банкларида мудораба, вакала каби исломий омонатлар (қонунда “инвестициявий омонат” атамаси билан ифодаланган) ҳали жорий этилмаган. Носировнинг айтишича, чунки ҳали ҳеч қайси банк бунга лицензия олмаган:
“Муробаҳа хизматлари бўйича банклар агент сифатида, яъни ташқи инвесторлардан пул олиб, улар номидан хизмат кўрсатмоқда. [Аҳоли ва тадбиркорлардан] маблағ жалб қилиш қисмида эса, тўғри айтингиз, ҳозирча маҳсулот йўқ. Сабаби ҳали ҳеч қайси банк лицензия олгани йўқ. Лицензия олгандан кейин тўлақонли банк хизматларини кўрсатади. Маблағ жалб қилиш, ресурс тақдим қилиш, кредитга ўхшаган муқобил хизматларни кўрсатиш бўйича тизим яратилади.
Ҳозир ташқаридан маблағ жалб қилиниб, ичкарида муробаҳага ўхшаган хизматлар кўрсатилмоқда. Тизимимиз йўлга қўйилгандан ва банклар лицензиялангандан кейин эса омонатга ўхшаган маҳсулотлар — амана, мудараба, вакала каби хизматлар жорий қилинади. Бундай хизматлар орқали банклар исломий молия стандартлари асосида маблағ жалб қилиб, бу маблағ инвестиция қилинади”.
Исломий молия тамойиллари асосидаги омонатларни Ўзбекистонликлар қачон банкка қўйиш имкониятига эга бўлади?
“Кутиб туриш керак. Банкларимиз ва лицензиялаш бўйича қонунчилигимиз тайёр. Банклар Марказий банкка лицензия олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Лицензиялаш жараёнлари ҳам кетяпти. Ҳозир нечта банк[дан ариза келиб тушгани] ва бошқа тафсилотлар бўйича маълумот айтишимиз нотўғри бўлиши мумкин. Лекин лицензиялаш жараёнлари кетяпти. Лицензияни берганимиздан кейин улар бевосита ички тизимларини ҳам йўлга қўйиши керак бўлади. Дастлаб, менимча, исломий дарчалар пайдо бўлади.
Ўша исломий дарчалар орқали хизматлар кўрсатилади. Бу жараён унчалик кўп чўзилмаса керак. Йил охиригача, менимча, хизматлар таклиф қилина бошлаши мумкин”, – деди Марказий банк раиси ўринбосари.
Маълумот учун, ислом молиясида инвестициявий омонатнинг қуйидаги икки тури энг кенг тарқалган:
- Мудораба – бир томон капитал, иккинчи томон эса ўзининг меҳнати, бошқаруви ва тадбиркорлик тажрибасини қўшадиган шериклик шартномаси. Бунда инвестор банкка маблағ қўяди, банк эса бу маблағни шариатга мувофиқ инвестиция қилади, фойда томонлар ўртасида келишилган нисбатда тақсимланади.
- Вакала – бир томоннинг бошқа томонни ўз номидан муайян ишни бажариш учун вакил қилиши. Бунда инвестор банкка: “Менинг маблағимни шариатга мувофиқ инвестиция қилиб бошқаринг”, дея ваколат беради. Банк маблағни инвестиция қилишдан келган фойдани инвесторга тўлаб беради, ўзи эса кўрсатган хизмати учун олдиндан келишилган ҳақ (вақала ҳақи)ни олади.
Эслатиб ўтамиз, исломий молия маҳсулотларини жорий этишга қаратилган қонун 2026 йил 29 июлдан кучга кирди.
Март ойида, шу қонун имзоланиши билан муносабати билан президент ҳузурида ўтган йиғилишда берилган маълумотга кўра, жорий йилда камида битта тижорат банкида исломий дарча фаолиятини йўлга қўйиш, 2026-2030 йилларда эса тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи иккита банк ташкил этиш режалаштирилган.








