Ўзбекистон | 14:02
1253
2 дақиқада ўқилади

Президент Имом Мотуридий мажмуаси қурилишини кўздан кечирди

Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташриф доирасида ушбу лойиҳа билан танишиб, уни замон талабларига мос равишда барпо этиш муҳимлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифининг иккинчи куни Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.

Маълумки, давлат раҳбарининг қарорига мувофиқ, ўтган йили юртимизда ақида илмининг асосчиси Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланган эди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристони ҳудудида Имом Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланган.

Ҳозирги кунда умумий майдони 10,2 гектарни ташкил этувчи ҳудудда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳага кўра, мажмуа таркибида 250 ўринли масжид, муҳташам кириш пештоқи, кутубхона, музей ва автотураргоҳ барпо этилмоқда.

Шунингдек, қурилиш жараёнида Чокардиза қабристонида буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жой аниқланиб, бу ерда ҳам алоҳида мақбара қурилиши йўлга қўйилган.

Ташриф чоғида алломалар руҳига эҳтиром кўрсатилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Давлат раҳбари ушбу маскан нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун муҳим зиёратгоҳга айланишини таъкидлади. Шу боис, бу ерга ташриф буюрувчилар учун замонавий ва қулай шарт-шароитлар яратиш зарурлиги қайд этилди.

– Мажмуага келган ҳар бир киши Имом Мотуридий бобомизнинг бой илмий-маънавий мероси, унинг ислом оламида тутган ўрни ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиши керак, – деди президент.

Шу билан бирга, қурилиш ишларини сифатли ва ўз вақтида якунлаш, ҳудудни янада кўкаламзорлаштириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид