«Халқ билан бирга» умуммиллий дастурининг тақдимоти бўлиб ўтди ва унга расмий старт берилди. Лойиҳа тақдимотида партия Сиёсий кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркорлар, ёшлар, хотин-қизлар, жамоатчилик фаоллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланишича, мазкур ташаббус ижтимоий йўналтирилган сиёсатни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, камбағалликка қарши курашиш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон қадрини улуғлаш тамойилларини амалиётга кенг жорий этишни назарда тутади.
Дастур учун алоҳида йўл харитаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2026 йил давомида 10 та устувор йўналиш бўйича турли йўналишдаги акциялар ўтказилади. Шунингдек, дастурга 50 мингдан ортиқ тадбиркор жалб этилиши, 1,5 миллиондан зиёд фуқаро турли кўринишдаги ёрдам билан қамраб олиниши режалаштирилган.

Уйма-уй ўрганиш механизми жорий этилади
Лойиҳа доирасида аҳоли билан ишлашнинг янги тизимли механизмлари йўлга қўйилади. Жумладан, «Юракка йўл» акцияси орқали уйма-уй юриб, 1 миллиондан ортиқ хонадоннинг ҳолати ўрганилади.
Жараёнда партия фаоллари, депутатлар, тадбиркорлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, эҳтиёжманд оилалар аниқланади ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, ҳудудларда 10 дан ортиқ мобил штаб фаолияти ишга туширилиб, улар томонидан республика бўйлаб 200 дан ортиқ сайёр қабуллар ташкил этилади. Ушбу қабулларда фуқароларнинг мурожаатлари тингланади, муаммоларни жойида ҳал қилиш чораларини кўриш, зарур ҳолларда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Маҳалла билан ҳамкорлик кучайтирилади
«Маҳалла еттилиги» ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари билан ҳамкорликда эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш вазифаси ҳам дастурдан ўрин олган. Ҳудудларда 50 та давра суҳбати, 100 дан ортиқ муҳокамалар, 50 та очиқ мулоқот, 10 та конференция ҳамда 25 та йирик акция ташкил этилиши белгиланган.
Бундан ташқари, Telegram-бот орқали онлайн сўровномалар, «Депутат билан очиқ суҳбат» онлайн платформаcи ҳамда «Сизнинг фикрингиз биз учун муҳим» каби интерактив лойиҳалар ишга туширилади.






