Иқтисодиёт | 09:26
1338
4 дақиқада ўқилади

Россия халқаро захираларида катта йўқотиш қайд этилди

Россия Марказий банки мамлакатнинг монетар олтини — давлат балансидаги олтин қуймалари ва тангалари ҳажмини кескин қисқартирди. Бу ҳақда мамлакат халқаро захиралари бўйича ойлик ҳисоботда сўз боради.

Фото: Михаил Гребенщиков / РБК

2026 йил 1 апрел ҳолатига кўра, Россиянинг халқаро захиралари қарийб 749 млрд долларни ташкил этди ва бир ой ичида доллар эквивалентида 60,3 млрд долларга камайди. Бу ҳақда Россия Банкининг ойлик ҳисоботида айтилган бўлиб, 7 апрел, сешанба куни Россиянинг РБК ва “Коммерсант” каби ишбилармонлик нашрлари ҳам бу маълумотга эътибор қаратди.

Россиянинг халқаро захираларига Россия Банки ва РФ ҳукуматининг молиявий активлари киради. Улар таркибига хорижий валюта ва Россия тасарруфидаги бошқа активлар, монетар олтин, Халқаро валюта жамғармасидаги Россиянинг захира позицияси ҳамда махсус қарз олиш ҳуқуқлари — ХВЖ ҳисобларидаги ёзувлар киради.

Россия Марказий банки маълумотига кўра, март бошида РФнинг халқаро захиралари 809 млрд 308 млн доллар бўлган бўлса, апрел бошида бу кўрсаткич 748 млрд 984 млн долларга тушган. 2026 йил феврал ойида эса захиралар янада юқори бўлиб, доллар эквивалентида 833 млрд 572 млн долларга етган. Бу сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткич бўлган. Шу билан бирга, Россия активларининг бир қисми РФнинг Украинага қарши кенг кўламли босқини сабаб Ғарб мамлакатларида музлатилган ҳолатда қолмоқда.

Марказий банк ҳисоботларидан кўринишича, март ойида Россияда энг катта қисқариш монетар олтин — давлат балансидаги олтин қуймалари ва тангалар ҳиссасига тўғри келган. Бу ҳолат ОАВда Россия Марказий банки 2026 йил январидан олтин сотишни бошлагани ҳақида чиққан хабарларга мос келади. Айни пайтда, фуқаролар учун Россиядан олтин олиб чиқиш чекланган эди.

Ўшанда, “Ведомости” ёзишича, Россия Марказий банки олтинни “нархлар раллиси” шароитида сотган: регулятор жаҳон бозорларида қимматбаҳо металл нархи рекорд даражада юқори бўлган пайтдан фойдаланган. Мутахассислар одатда олтин нархининг ўсишини геосиёсий таранглик билан изоҳлайди — бундай шароитда олтин хавфсиз ва ишончли инвестиция сифатида қабул қилинади.

2025 йил охирида таҳлилчилар олтин нархининг ўсишини АҚШ президенти Доналд Трамп сиёсатига оид бозор хавотирлари билан бевосита боғлаган эди. Ўша даврда Америка раҳбари Гренландия масаласида Европа томон кескин баёнотлар бериб, Трамп уни “қандай бўлмасин қўлга киритиш”ни истаган эди. Кейин эса у Венесуэла раҳбари Николас Мадурони ўғирлаб кетишни маъқуллаган.

Олтин нархининг сўнгги кескин сакраши феврал охирида кузатилган бўлиб, бу бозорнинг АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши борасидаги хавотирлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бироқ март бошида қимматбаҳо металл нархи пасая бошлади: агар 1 март куни олтиннинг бир троя унцияси 5356 доллардан котировка қилинган бўлса, 1 мартда у 4721 доллар турган.

Россия Давлат думаси 2025 йил ноябрида қабул қилган ва 2028 йилгача бўлган даврни қамраб олган мамлакат бюджети лойиҳаси харажатлар даромадлардан ошишини назарда тутади. Лойиҳада инфляция даражаси 4 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинган.

Шу билан бирга, 2026–2028 йилларда Россия бюджети учун асосий устувор йўналишлар ҳарбий ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги харажатлар бўлиб қолмоқда — 16,84 трлн рубл ёки мамлакат умумий бюджети ҳажмининг тахминан 38–40 фоизи. Шу даврда жами ижтимоий харажатлар 10,8 трлн рублни, яъни бюджетнинг 24,5 фоизини ташкил этиши кутилмоқда. Экспертлар Россия ҳокимиятининг бундай кутилмаларига шубҳа билан қарамоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид