Спорт | 18:35
736
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон миллий хоккей жамоаси жаҳон чемпионатининг III дивизионида ғолиб чиқди

Хоккейчилар Ҳонгконгда ўтказилган турнир давомида рақибларидан сезиларли устунликни намойиш этиб, 97 та шайба уришга муваффақ бўлди.

Фото: Федерация хоккея РУз

Хоккей бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси IIHF 2026 йилги жаҳон чемпионатининг III дивизиони B гуруҳида ғолиб чиқди. Бу нуфузи жиҳатдан 6-ўриндаги лига ҳисобланади.

Латвиялик мутахассис Нормундс Сейейс бош мураббийлигидаги жамоа Ҳонгконгда ўтказилган турнир давомида рақибларидан сезиларли устунликни ва юқори сермаҳсулликни намойиш этди. Жумладан, Мўғулистон (26:1), Филиппин (28:3), КХДР (20:3), Люксембург (14:0) ва Ҳонгконг (9:4) мағлуб этилди.

Якуний жадвал қуйидагича: Ўзбекистон - 15 очко, КХДР - 12, Ҳонконг - 9, Люксембург - 6, Мўғулистон - 3, Филиппин - 0.

Турнирнинг энг яхши бомбардири ва мергани Ўзбекистон миллий жамоаси вакили Вадим Кравченко бўлди. Унинг ҳисобида 35 очко (19 гол ва 16 узатма) бор.

Келгуси мавсумда Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионатининг III дивизиони А гуруҳида иштирок этади. Унга Тайвань, Босния ва Ҳерцеговина, Таиланд, Мексика ва Жанубий Африка рақиблик қилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид