Иқтисодиёт | 15:37 / 06.05.2026
2728
4 дақиқада ўқилади

Маркировкали сув ва ичимликларни агрегациялаш кечиктирилади

Тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлган сув ва ичимликларни мажбурий агрегациялаш амалиёти кечиктириладиган бўлди. Бу ҳақда президент ҳузуридаги йиғилишдан кейин бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев маълум қилди. Солиқ қўмитаси вакилига кўра, маркировка талабларини бузганлик учун санкция юмшатилади.

Фото: forintek.ru

Ўзбекистонда 1 апрелдан сув ва салқин ичимликларни рақамли маркировкалаш тизимида мажбурий агрегация кучга кирган ва бу тадбиркорларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлиб келаётган эди. 5 май куни президент ҳузуридаги йиғилишда бу янги талабни амалиётга мажбурий жорий этишни кечиктириш масаласи кўтарилди.

Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервюсида айтишича, президент томонидан тадбиркорлик муҳитига таъсир қилаётган муаммоларни ўрганиш борасида топшириқ берилган. Тақдимотда 15 та масала кўтарилган. Улардан бири – маркировкаланган сув ва ичимликларни агрегациялаш.

“2026 йил 1 апрелдан бошлаб маркировка тизими йўлга қўйилган. Бу, айниқса, сув ишлаб чиқарувчи корхоналарга таъсир ўтказяпти. Корхоналарни таҳлил қилганимизда 90 фоиз бозорни эгаллаган 10 та йирик ишлаб чиқарувчининг 5 таси ушбу жараёнга тайёр эмаслиги маълум бўлди. Президентимизга буни айтганимизда, чўзиш бўйича таклиф бердилар. Бу жараён 2 марта чўзилган. 2024 йил апрелдан 2026 йилгача. “Майли, яна чўзамиз, қачонки тадбиркорларимиз тайёр бўлганда йўлга қўйилади”, дедилар”, – дейди Бўриев.

Унинг қўшимча қилишича, тақдимотда тадбиркорларни қийнаётган пешлавҳалар, дизайн код масалалари ҳам муҳокама қилинган. “Тадбиркорларнинг овозини етказдик, ҳаммасини президентимиз қўллаб-қувватлади”, – деди бизнес омбудсман.

Абдуманноп Бўриев

Солиқ қўмитасининг Солиқ солиш методологияси департаменти директори Азиз Умрзоқов йиғилишда рақамли маркировкалаш борасида иккита масала муҳокама қилинганини маълум қилди.

“Товарнинг ишлаб чиқарувчидан улгуржи сотувчи, ундан кейин якуний истеъмолчигача бўлган ҳаракатини кузатиш имконини берувчи тизим етарли даражада юқори технологик эканидан келиб чиқиб, қўйилган мақсадларга эришиш учун бундай воситаларни самарали жорий этиш муддатини кечиктиришга қарор қилинди”, – деди у.

Масъулнинг сўзларига кўра, кўплаб тадбиркорларни маркировка бўйича ташвишга солган иккинчи масала – уларга қўлланадиган жарималар миқдори ҳам муҳокама қилинган.

“Президент уни камайтириш ташаббусини илгари сурди, яъни ишлаб чиқарувчилар, улгуржи сотувчилар ҳамда импорт қилувчилар учун санкциялар камайтирилади, умумий овқатланиш ва савдо корхоналари учун эса жарималар даромад суммасидан келиб чиқиб эмас, балки қатъий белгиланган суммада бўлади”, – деди Солиқ қўмитаси масъули.

Ўзбекистонда ичимликларни рақамли маркировкалаш тизими жорий этилиши кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Жорий йил 1 апрелдан бошлаб ичимликлар учун мажбурий агрегация талаби ҳам кучга кирди. Бу тизим маҳсулот ҳаракатини босқичма-босқич кузатиш ва яширин айланмани қисқартиришни мақсад қилади, бироқ бозор иштирокчилари янги тартибни амалиётга жорий этишда қатор муаммолар борлигини таъкидламоқда.

Аввалроқ солиқ маслаҳатчилари Нодирбек Хўжабеков ва Мурод Муҳаммаджонов ҳам Kun.uz'га берган интервюсида маркировкалашга оид талаблар амалиётда нималарга олиб келаётгани ҳақида гапириб ўтганди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид