Ўзбекистон | 20:14 / 06.05.2026
4021
2 дақиқада ўқилади

Олий суд совет даври қатағон қурбонларидан 161 нафарини оқлади

Ўзбекистон Олий суди 1920-1934 йилларда совет ҳокимиятига қарши ҳаракатларда айбланган ва турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм қилинган ўзбекистонликларни оқлади ва реабилитация қилди.

Фото: Олий суд

6 май куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисларида Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига (Реабилитация учун асослар) асосан 8 та жиноят иши бўйича 161 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукмлари чиқарилди. Рўйхат Олий суд веб-сайтида келтирилди.

Қайд қилинишича, бу шахслар Туркфронтнинг Фарғона қўшинлар гуруҳи Ҳарбий кенгаши қошидаги Фарғона махсус бўлими ҳамда Ўрта Осиё ва Қозоғистон бирлашган давлат сиёсий бошқармаси қошидаги Учлик Кенгашининг 1920-1934 йиллардаги қарорларига кўра босмачилик ҳаракатларига моддий ёрдам беришда, қуролли тўда тузишда, совет ҳокимиятига қарши қўзғолонлар ҳамда аксилинқилобий ҳаракатини амалга оширганликда айбланган. Улардан 33 нафари отувга ҳукм қилинган, қолганларига 2, 3, 5 ва 10 йилга концлагерга жўнатиш жазоси тайинланган. Судланганлар орасида аёл киши ва вояга етмаганлар ҳам бор.

«Тарихий адолатни тиклаш, мустабид тузум даврида ноҳақ айбланган, мол-мулки мусодара этилиб, ўзлари қувғину қатағонга дучор этилган аждодларимиз номини оқлаш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. Юрт мустақиллиги, дини, эътиқоди, маданияти ва миллат ғурури учун курашиш йўлида ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди», дейилади Олий суд хабарида.

Қайд қилинишича, кенг кўламли реабилитация ишлари президентнинг «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши асосида олиб борилмоқда.

Фармойиш ижросини таъминлаш мақсадида қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилган.

Ишчи гуруҳнинг изчил фаолияти, кўламли саъй-ҳаракати туфайли сўнгги йилларда совет даврида қатағон қилинган 1236 нафар ватандош реабилитация қилиниб, оқланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид