Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда хатна фожиаси: соғлом болаларни носоғлом тизим ўлдирди
Иштихонда икки бола хатна қилинганидан кейин вафот этди. Уларнинг иккиси ҳам соғлом ҳолда туман тиббиёт бирлашмасига олиб келиниб, суннат қилинган, лекин тегишли тартиблар қўпол равишда бузилган: болалардан на таҳлил олинган, на бирор жойда бу амалиётлар қайд этилган. Эътиборлиси, жарроҳлардан бири боланинг ўлимидан кейин юқорироқ мансабга кўтарилиб кетган.
Kun.uz мухбири Иштихонда бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.
Маълум бўлишича, 2026 йил 22 март куни беш ёшли Элхан Турсунов туман тиббиёт бирлашмасида хатна қилинган. Орадан бир кун ўтиб, боланинг аҳволи ёмонлашган. Кесилган жойдан қон кетиш бошланган.
Шундан сўнг Элёр Ражабов ўғлини шифохонага олиб борган. Болани хатна қилган жарроҳ Азиз Худойбердиев билан телефон орқали боғланишганида, у ишда эмаслиги сабаб бемор болани ҳамкасби Жавлон Мелиевга кўрсатишларини айтган.
“Жавлон Мелиев ўғлимни олиб кириб, тахминан 20 дақиқа давомида тиббий ёрдам кўрсатди. Операция қилинган жойни боғлаб қўйди ва бизга ҳаммаси яхши эканини, хавотир олмаслигимизни айтди. Лекин кечга бориб ўғлимнинг иссиғи кўтарилиб кетди”, дейди Ражабов.
Боланинг ота-онаси бу кунлар давомида операция қилган шифокор билан телефон орқали боғланиб туришган ва тавсияларини бажаришган. Аммо болада ўзгариш бўлмаган, аксинча аҳволи ёмонлашиб бораверган.
“27 март куни жарроҳ Худойбердиевни уйга чақиртирдик. У боланинг ҳолатини кўриб: “Шамоллатиб қўйибсизлар, ўтиб кетади”, деди. Ўша пайтда ҳолатга гувоҳ бўлиб турган ҳудудий ҳамширамиз эътироз қилди, боланинг аҳволи ёмонлашаётганини айтди. Шундан сўнг ўғлимни яна шифохонага олиб бордик. Уни жонлантириш бўлимига олиб киришди, тахминан ярим соатлардан сўнг жони узилганини айтишди”, дейди боланинг отаси.
Шифокорлардан изоҳ олиш учун Иштихон туман тиббиёт бирлашмасида бўлдик. Элхан эртаси куни шифохонага олиб борилган вақтда унга тиббий ёрдам кўрсатган Жавлон Мелиевнинг айтишича, ҳамкасби Азиз Худойбердиев ундан бир кун аввал хатна қилинган болага тиббий ёрдам кўрсатишни сўраган.
Мелиев эски қон изларини тозалаб, бир муддат кузатиб тургани, кейин ўрнини боғлаб қўйганини билдирди. Жарроҳ болада алоҳида ножўя ҳолатларни кўрмагани учун уйига жавоб бергани, кечқурун боғланган бинтни олиб ташлаш кераклигини тавсия қилганини айтди.
Жарроҳлик амалиёти таҳлилларсиз ўтказилган
Хўш, аслида хатна амалиёти қандай ўтказилиши керак эди ва амалда қандай бўлмоқда?
Навбатчи шифокор, жарроҳ Соҳибжон Холжигитовнинг айтишича, хатна амалиётини ўтказишдан аввал ҳар бир бола умумий текширувлардан ўтказилиши шарт. Агар текширувлар натижаси ижобий чиқмаса, амалиёт тўхтатиб турилиши лозим.
Лекин Элхан Турсунов суннат қилинишидан аввал ҳеч қандай текширувлардан ўтказилмаган.
Ўн кун ичида иккинчи ўлим
Афсуски, бу – Иштихондаги ягона ҳолат эмас. Элхан билан боғлиқ ҳолатдан бир ҳафта ўтгач, 3 апрел куни ушбу тиббиёт бирлашмасида яна бир бола – Ҳамиджон Тўхтаевнинг ҳам хатна амалиётидан сўнг соғлиғи ёмонлашган. Унда аллергия кузатилган, иссиғи кўтарилган.
Шифохонага олиб борилганда “ўтиб кетади, табиий ҳолат” мазмунида жавоб берилган. 8 апрелга келиб, Ҳамиджон Тўхтаев шифохонада ҳаётдан кўз юмган.
Маълум бўлишича, Тўхтаев ҳам операциядан аввал умумий текширувлардан ўтказилмаган.
Иштихон туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Жавлон Қайнаров болалар амалиётдан аввал умумий тиббий кўрикдан ўтказилганда, бу ҳолат содир бўлмаслиги мумкинлигини яширмади.
Жарроҳ “кўтарилиб” кетди
Масаланинг яна бир ўзига хос томони шундаки, 2026 йил 27 март куни Элхан Турсунов билан боғлиқ ҳолат бўйича Иштихон туман соғлиқни сақлаш бўлими томонидан туман прокуратурасига хат чиқарилган. Унга кўра, жарроҳлик амалиётини ўтказган Азиз Худойбердиев, эртаси куни тиббий ёрдам кўрсатган Жавлон Мелиев ва бошқа масъулларнинг йўл қўйган хато-камчиликлари эътироф этилиб, уларга нисбатан интизомий чоралар қўллаш масаласи кўриб чиқилиши маълум қилинган.
Бироқ ушбу билдиргидан бир ҳафта ўтиб, Азиз Худойбердиев юқорироқ лавозимни эгаллаган: у Сирдарё вилояти Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмасига бош шифокор этиб тайинланган.
Жиноят ишлари очилди
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Элхан Турсунов ва Ҳамиджон Тўхтаевнинг суннат амалиётидан кейин вафот этгани юзасидан текширув ўтказилган.
Тўпланган материалларга кўра, мазкур ҳолатларда тиббиёт ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун қўшимча тергов ҳаракатлари, жумладан, юзлаштириш, эксгумация ва бошқа процессуал ишлар ўтказилиши зарур деб топилган.
Шу асосда 2026 йил 2 май куни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таҳлил олмасдан операция қилиш одатий ҳолми?
Иштихон туманида кузатилган ушбу ҳолатни фақат бир ҳудуд доирасидаги фожиа сифатида баҳолаш етарли эмас. Чунки бугун тиббиёт тизимида рақамлаштириш ва электронлаштириш жараёнлари кечаётган бир пайтда, энг оддий амалиёт олдидан ҳам зарур тиббий текширувлар ўтказилмагани – жиддий тизимли муаммолардан дарак беради.
Агар расмий гаплар амалда ишлаётган бўлганида, бундай ҳолатлар кузатилмаслиги керак эди. Демак, савол туғилади: бу фақат Иштихондаги ҳолатми, бошқа ҳудудларда суннат каби амалиётлар олдидан болалар тўлиқ кўрикдан ўтказиляптими, таҳлиллар олиняптими?
Ёки шу каби ҳолатлар кузатилганда, марҳум болаларнинг ўлимига ота-оналарнинг ўзи айбдор қилиняптими?
Kun.uz мавзуга яна қайтади.
Мавзуга оид
07:12 / 06.05.2026
2030 йилгача 3 мингдан ортиқ давлат тиббиёт муассасаси лицензияланади
21:10 / 03.05.2026
Наманганда аёл укол олаётганда вафот этгани бўйича жиноят иши қўзғатилди
22:14 / 20.04.2026
Наркотиклар энди виртуал маконда: халқаро ҳамжамият Самарқандда бирлашди
22:25 / 31.03.2026