Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янгиланган энерготарифлар ва порахўрларнинг портрети – маҳаллий дайжест
Ҳукумат қарори билан 1 июндан электр энергияси ва табиий газ учун янгиланган тарифлар эълон қилинди. Туризм қишлоғида техноген портлатишлар – Самарқанддаги Оқбўйра маҳалласида осмондан тош ёғилди. Иссиқхонани иситишда мазут, битум ва шина ёққанлик учун жарималар белгиланди. Педагоглар фарзанди учун контракт тўловига 30 фоизлик чегирма тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Порахўр ким? – Аксилкоррупция агентлиги коррупционернинг янги портретини тайёрлади. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.
Туризм қишлоғидаги техноген портлаш - Оқбўйрада осмондан тош ёғилди
Самарқанд туманидаги Оқбўйра туризм қишлоғида 15 апрел куни содир бўлган портлашдан кейин аҳоли ўзини уйида эмас, гўё фронт чизиғида яшаётгандек ҳис қилмоқда. Фуқароларнинг сўзларига кўра, портлаш оқибатида уйлар томига тошлар ёғилган, деворларда ёриқлар пайдо бўлган. Айримлар болалари қўрқиб кетганини айтса, яна бир фуқаро каттагина тош тунука томни ёриб кирганини маълум қилди.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги берган изоҳга кўра, қишлоқ яқинидаги «Миронқул-III» конида портлатиш ишлари «Agro Technology Group» МЧЖ ҳамда «Hisor Tog» МЧЖ ўртасида тузилган пудрат шартномаси асосида амалга оширилган.
Вазирликка кўра, портлатиш оқибатида тоғ жинслари 357 метр масофадаги ҳудудга етиб борган бўлиб, бу ҳолат «технологик регламентдан четланиш» сифатида баҳоланган. Айтилишича, етказилган моддий зарар корхона томонидан қопланган.
Иссиқхонани иситишда мазут, битум ва шина ёққанлик учун жарималар белгиланди
Ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни, шунингдек, чиқиндиларни ёқиб юборганлик учун жарималар жорий этилади. Тегишли қонун президент томонидан 4 май куни имзоланди ва 5 августдан кучга киради.
Энди қуйидагилар маъмурий ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланади:
- ёқилғини, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларни ёки моддалар аралашмасини, ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни, шунингдек чиқиндиларни белгиланмаган жойларда ва қурилмаларда очиқ аланга билан ёқиш;
- иссиқхонада, ишлаб чиқариш биноларида, ёқиш қурилмаларида ёнилғи сифатида шиналар, битум, мазут, плёнкалар, синтетик картон, резиналарни ёқиш.
Ушбу қоидабузарликлар учун қуйидаги жарималар назарда тутилган:
- фуқаро учун — БҲМ 15 бараваридан 25 бараваригача (6,18 млн сўмдан 10,3 млн сўмгача);
- мансабдор шахс учун — БҲМ 25 бараваридан 50 бараваригача (10,3 млн сўмдан 20,6 млн сўмгача).
Педагоглар фарзанди учун контракт тўловига 30 фоизлик чегирма берилиши мумкин
Ўзбекистонда педагогларнинг давлат олийгоҳларида кундузги таълимда ўқиётган фарзандлари учун тўлов-контракт суммасининг 30 фоизини қоплаб бериш таклиф этилмоқда. Бу бўйича қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, имтиёз таълим ташкилотларида меҳнат шартномаси асосида фаолият юритаётган барча педагогларга татбиқ этилади. Бунда уларнинг иш стажи ёки малака тоифаси ҳисобга олинмайди.
Чегирма фақат давлат олий таълим муассасаларида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган бакалавриат талабалари учун амал қилади. Хусусий ОТМ, магистратура, қўшма таълим дастурлари, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакллари ушбу имтиёз доирасига киритилмайди. Шунингдек, супер-контракт асосида ўқиётган талабалар ҳам мазкур чегирмадан фойдалана олмайди. Имтиёздан фойдаланиш учун ҳар йили онлайн тарзда ариза топшириш талаб этилади.
Порахўр ким? – Аксилкоррупция агентлиги коррупционернинг янги портретини тайёрлади
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Kun.uz сўровига асосан 2025 йилдаги коррупциявий жиноятлар таҳлили бўйича коррупционернинг криминологик портретини тақдим этди. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистондаги ўртача типик коррупционер – аввал судланмаган, 31-49 ёш оралиғидаги, олий маълумотли, оилали эркак бўлиб, у расмий даромад манбаига эга ва кўп ҳолларда раҳбарлик лавозимларида ишлайди.
Агентликка кўра, 2021 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда ҳар йили ўртача 7 минг киши коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилган.
1 июндан электр энергияси ва табиий газ нархи ошади
Ҳукумат қарори билан 2026 йил 1 июндан электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, аҳоли учун табақалаштирилган тарифлар сақлаб қолинди.
Электр энергияси тарифлари қуйидагича белгиланди:
I, II ва IV гуруҳ истеъмолчилари учун — 1 кВт соат 1 100 сўм.
Аҳоли учун табақалаштирилган тарифлар сақланиб қолди.
Электр плитали кўп қаватли уйлар ва ётоқхоналарда:
▪️ 200 кВт/соатгача — 325 сўм
▪️ 201–500 кВт/соат — 450 сўм
▪️ 501–1000 кВт/соат — 550 сўм
Қолган маиший истеъмолчилар учун:
▪️ 200 кВт/соатгача — 650 сўм
▪️ 201–500 кВт/соат — 900 сўм
▪️ 501–1000 кВт/соат — 1 100 сўм
Юқори ҳажмдаги истеъмол учун оширилган коэффициентли тарифлар сақланади.
Табиий газ тарифлари:
▪️ Барча истеъмолчилар учун — 1 куб метр 2 000 сўм
▪️ Автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари учун — 2 750 сўм
Аҳоли учун табақалаштирилган тарифлар:
▪️ Иситиш мавсумида 500 куб метргача
▪️ Бошқа мавсумларда 100 куб метргача
— 1 куб метр газ 1 100 сўмдан ҳисобланади.
Мавзуга оид
19:23 / 14.05.2026
Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ коррупция ва янги молиявий пирамида – маҳаллий дайжест
19:35 / 13.05.2026
Картадан картага пул ўтказмалари назорати ва ҳантавирус билан боғлиқ вазият – маҳаллий дайжест
19:44 / 12.05.2026
Бюрократиядан холи давлат хизматлари ва нархи ошган пропан – маҳаллий дайжест
20:04 / 11.05.2026