Ўзбекистон | 19:45
723
4 дақиқада ўқилади

Ўққа тутилган булутлар ва 5 минг сўмлик колбаса – маҳаллий дайжест

Наманган вилоятида кучли дўл ёғишининг олдини олиш мақсадида булутлар махсус снарядлар ёрдамида ўққа тутилди. Тошкентда 5 минг сўмлик колбаса сотувга чиқди, СЭС унинг шубҳали эканини маълум қилди. Қорақалпоғистон ва Хоразмда назорат-касса чеки орқали автомашина ютиш имконияти яратилди. Метрода йўлкира нархи масофадан келиб чиқиб белгиланадиган бўлди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Наманганда дўл ёғмаслиги учун булутлар ўққа тутилди

Наманган вилоятида кучли дўл ёғишининг олдини олиш мақсадида булутлар махсус снарядлар ёрдамида ўққа тутилди. Бу орқали дўл жараёни заифлаштирилган ва қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етишининг олди олинган.

Ўзгидромет хабарига кўра, Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида дўл жараёнли булутларга таъсир кўрсатиш ишлари ўтказилиб, жами 57 дона “Алазан-6” снаряди отилган ва дўл жараёни заифлаштирилган. “Алазан” сериясидаги дўлга қарши снарядлар 1960-йиллардан бошлаб қўлланади.

Қайд этилишича, конвектив булутларга таъсир кўрсатиш ишлари олиб борилгандан сўнг ҳам, қисқа муддатли дўл ҳодисалари кузатилиб туради.

Тошкентда 5 минг сўмлик колбаса сотувга чиқди, СЭС унинг шубҳали эканини маълум қилди

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 5 минг сўмдан сотилаётган колбаса маҳсулотлари акс этган видеолар тарқалди. Унда колбасалар очиқ шароитда (совиткичли дўконда эмас), келиб чиқиши ва таркиби номаълум ҳолда сотилаётганини кўриш мумкин. Гўшт нархидан келиб чиқилса, 5 минг сўмлик «колбаса» қандай маҳсулот экани ҳақида савол пайдо бўлади.

Санэпидқўмитанинг маълум қилишича, колбаса таркиби номаълум. Маҳсулот сифати тасдиқланмаган, унинг таркиби, ишлаб чиқарувчиси ва яроқлилик муддати бўйича аниқ маълумот мавжуд эмас. Санитария талаблари бўйича маҳсулот қадоғида ишлаб чиқарувчи, таркиб, сақлаш шароити ва яроқлилик муддати каби маълумотлар бўлиши шарт. Бу маълумотларсиз маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз ҳисобланади ва инсон саломатлиги учун хавфли бўлиши мумкин.

Назорат-касса чеки орқали автомашина ютиш имконияти яратилди

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида харид чекини «Солиқ» иловаси орқали рўйхатдан ўтказган фуқаролар учун янги рағбатлантириш тизими жорий этилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб мазкур ҳудудлардаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида амалга оширилган харид учун берилган чек асосида ютуқли ўйин ташкил этилади. Ғолиб автомобилга эга бўлади.

Харид чекини “Солиқ” иловаси орқали рўйхатдан ўтказган ҳар бир шахс автоматик равишда ютуқли ўйин иштирокчисига айланади. Шунингдек, иловада ҳар бир чекнинг танловга киритилгани ҳақида маълумот ҳам акс эттирилади.

Метрода йўлкира нархи масофадан келиб чиқиб белгиланади

Тошкент метрополитенида йўлкира ҳақини тўлашнинг янгича тизими жорий этилади. Бу ҳақда президент қарорида кўзда тутилган.

Йўлкира ҳақини тўлашнинг янгича тизимида қуйидаги мажбурий тамойиллар акс этади: йўловчи босиб ўтган масофаси ёки бекатлар сонига қараб ҳақ тўлайди; муайян аҳоли қатламларига имтиёзлар берилади; йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида кунлик, ҳафталик ва ойлик абонементлар йўлга қўйилади.

Янги тизимни 2027 йил 1 январдан бошлаб амалиётга татбиқ этиш назарда тутилган бўлиб, тегишли таклифлар олти ой муддатда «Тошкент метрополитени» АЖ кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид