Иқтисодиёт | 09:01
604
2 дақиқада ўқилади

Назорат-касса чеклари орқали автомашина ютиш имконияти яратилди

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида харид чекларини “Солиқ” иловаси орқали рўйхатдан ўтказган фуқаролар учун янги рағбатлантириш тизими жорий этилмоқда. Энди онлайн назорат-касса техникаси орқали берилган чеклар асосида ҳар ой ютуқли ўйинлар ўтказилиб, ғолибларга автомашина тақдим этилади.

Бу тартиб Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида онлайн назорат-касса техникасидан фойдаланишни оммалаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан белгиланди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб мазкур ҳудудлардаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида амалга оширилган харидлар учун берилган чеклар асосида ютуқли ўйинлар ташкил этилади.

Тасдиқланган низомга мувофиқ, харид чекларини “Солиқ” иловаси орқали рўйхатдан ўтказган ҳар бир шахс автоматик равишда ютуқли ўйин иштирокчисига айланади. Шунингдек, иловада ҳар бир чекнинг танловга киритилгани ҳақида маълумот ҳам акс эттириб борилади.

Ютуқли ўйинлар ҳар ой “Солиқ” иловасидаги “Ютуқли ўйинлар” платформаси орқали ўтказилади. Танлов бир ой давомида рўйхатдан ўтказилган чеклар асосида шакллантирилади ва ғолиблар инсон омилисиз, чекларни тасодифий танлаш орқали аниқланади.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳар бир ойлик ютуқли ўйин ғолибига бош соврин сифатида автомашина топширилади.

Мазкур тартиб онлайн назорат-касса техникасидан фойдаланишни кенгайтириш, нақд пул айланмаси шаффофлигини таъминлаш ва харидорларни чек талаб қилишга рағбатлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид