2026 йилги июн ойи беқарор ва ўртача илиқ об-ҳаво билан бошланади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

1–3 июн кунлари республиканинг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача кучаяди. Ҳарорат асосан кечалари +15…+20 даража, кундуз кунлари +30…+35 даража бўлади.

Кейинчалик ой охиригача ҳарорат асосан кечалари +18…+23 даража, кундуз кунлари +29…+34 даражадан +34…+39 даражагача ўзгариб туради, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда айрим кунларда +40…+42 даражагача бўлади.

Ойнинг биринчи ярмида айрим кунларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Бу йилги ёз қандай бўлади?

Америка иқлим прогнозлари марказининг сўнгги бюллетенига кўра, 2026 йил май ойида Эл-Нино ҳодисаси бошланишининг биринчи аниқ белгилари (Тинч океанида сув ҳарорати кескин кўтарилиши) қайд этилди, бу эса сайёрада глобал ҳаво ҳарорати ошишига сабаб бўлади.

Ҳозирги вақтда бирча иқлим тизими нейтрал деб ҳисобланади, аммо океандаги сув ҳарорати жуда юқори тезликда кўтарилмоқда. Бу дунёнинг етакчи мавсумий прогнозлаш марказлари томонидан 2026 йил ёзи иссиқ бўлиши прогнозлари билан боғлиқдир.

Бу Ўзбекистон учун нимани англатади?

Ўзбекистонда ёз анъанавий равишда қуруқ ва иссиқ бўлади – бу Марказий Осиё иқлимининг ўзига хос хусусиятидир. Бундан ташқари, сўнгги 15 йил давомида ёз фасллари ўртача ҳарорати кўтарилишининг барқарор тенденцияси кузатилмоқда.

Жаҳон прогноз марказлари ҳисоб-китобларига асосланган ҳолда Ўзгидрометнинг дастлабки баҳолашига кўра, жорий йилда ёзнинг ўртача ҳарорати меъёрдан бироз юқори бўлиши мумкин.

Ёзги мавсум давомида экстремал қийматларга яқин бўлган жуда иссиқ об-ҳаво даврлари бўлиши кутилмоқда. Ёз ўрталарида энг иссиқ кунларда ҳаво ҳарорати +42…+44 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +45…+47 даражагача кўтарилиши мумкин.

Аввалги июн ойлари қандай ўтган?

Иқлим маълумотларига кўра, июнда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати май ойи қийматларидан 4–5 даражага, чўл ҳудудларда 6–7 даражага юқори бўлади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича июн ойининг ўртача ҳарорати барқарор равишда ошиб бормоқда.